АсосийJamiyat

ИИВ Малака ошириш институти Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали билан ҳамкорлик қилади

'ИИВ Малака ошириш институти Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали  билан ҳамкорлик қилади'ning rasmi

Бугун Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида ушбу таълим муассасаси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Меморандумга кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, инновацион ва технологик ғояларни ривожлантириш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш белгиланди.

– Шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги давр талаблари барча соҳаларда, шу жумладан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорликни чуқурлаштиришни талаб этмоқда. – дейди ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор Нуриддин Норматов.
– Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу таълим муассасаси билан ўрнатилаётган ҳамкорлик йўналишлари кенг қирралидир.

Жумладан, назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий шакл ва усуллардан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятга услубий кўмаклашиш каби йўналишларда ҳамкорлик амалга оширилади.

– ИИВ Малака ошириш институти билан ҳамкорлик биз учун долзарб аҳамиятга эга, – дейди Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали директори, юридик фанлар номзоди Бахтиёр Абдуллаев. – Ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан, ўқитишнинг замонавий инновацион шакл ва усуллари, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, ўқув жараёнига малакали мутахассисларни жалб қилиш, норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган маълумотларни алмашиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқув, илмий ва бошқа адабиётларни алмашиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича ҳамкорликда илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш кабилар амалга оширилади.

Мазкур таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш самарадорлигини янада оширишга, уларнинг замонавий талаблар асосида касбий кўникмалари ва лаёқатларини ривожлантириб боришга ижобий таъсир кўрсатади.

Таълим муассасалари раҳбарлари келгусида меморандумда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар