АсосийShou-biznes

“Эътироф-2014” ғолиблари MY5да: Муниса Ризаева келгуси йили актриса сифатида иштирок этиши мумкин

26 декабр куни бўлиб ўтган “Эътироф-2014” миллий мукофоти ғолиблари “Менинг юртим” телеканалига ўз ҳаяжонларини телетомошабинлар билан бўлишиш мақсадида ташриф буюришди.

Телеканал ижодкорлари вақтни бой бермасдан “Йилнинг энг яхши актери” Мирза Азизов, “Йилнинг энг яхши эстрада аёл хонандаси” Муниса Ризаева ҳамда “Йилнинг энг яхши актрисаси” Асал Шодиевалардан тақдирлаш маросими тўғрисида эксклюзив интервью олишди.

Улар мукофот, уни қабул қилиш олиш жараёнидаги ҳис-ҳаяжонлари ҳамда янги йилдаги ижодий режалари ҳақида ўртоқлашишди.

Энг яхши актриса Асал Шодиева мукофотни қабул қилар экан ҳаяжонини, қувончини қандай кўрсатишни билмай қолган бўлса, энг яхши аёл хонанда Муниса Ризаева эса хурсандчилигини яшириб ўтирмади. Энг яхши актер Мирза Азизов эса мукофот учун эгилиб таъзим қилди.

Муниса Ризаева суҳбат давомида мукофот унинг учун кутилмаган совға бўлганлигини таъкидлаш билан айни пайтда режиссерлардан кинода рол ижро этиш учун таклифлар тушаётганлигини, келгуси йили балки актриса сифатида ўз номзодини қўйиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, ижодкорлар халқимизни, хусусан “Даракчи” газетаси ҳамда darakchi.uz ўқувчиларини кириб келаётган 2015 йил билан самимий қутлашди. Энг эзгу тилакларини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, “Эътироф-2014” миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан ташкил этилди.
 

    Бошқа янгиликлар