Бир муддат олдин Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 15-сонли МТМ тарбияланувчиларида овқатдан заҳарланганлиги ҳолати қайд этилган эди. Шунга кўра, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Бекобод туманидаги 15-сонли МТМ тарбияланувчиларида кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил ўрганиб чиқилганлиги эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДСЭНМ хулосасига кўра, болаларда кузатилган ўткир деария ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомнома ҳамда овқатланиш бўлими ва МТМнинг бошқа ходимлари (тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчилари) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.
15-сонли МТМ мудираси Раҳматуллаева Моҳира Абдумаликовна, ошпаз Қахрамонова Шоҳида Аброровна ва ҳамшира Эргашева Мавлуда Эргашевна лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги ва лоқайд ҳатти-ҳаракати натижаси оқибатида болалар соғлигига зарар етказганлиги сабабли, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.
27 сентябрдан 6 октябргача МТМ фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва МТМТдаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган.
МТМ 7-октябрдан бошлаб ишга тушди ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлади.






