АсосийJamiyat

“Умра – 2019“ зиёрати яна арзонлашди

'“Умра – 2019“ зиёрати яна арзонлашди'ning rasmi

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Умра – 2019” мавсуми бўйича ташкил этилган брифингда айтилишича, 2019 йил Умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган Умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилган. Яъни, 11 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион 450 минг сўмга туширилган.

Шунингдек жорий йил сентябрь ойидан бошлаб Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилмоқда. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ Умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган шартномаларда қўшилиши белгилаб олинди.

Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган ва улар учун барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилгани маълум қилинди.

Жумладан, ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичида Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича авиачипта, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, таомлар, сархил мевалар, ширинлик ва салқин ичимликлар қамраб олинган. Шунингдек, 24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка, Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. Зиёратчиларимиз учун меҳмонхоналарда юқори даражадаги сервис хизмати йўлга қўйилади.

Брифингда Умра сафари давомида зиёратчиларимизга хизмат кўрсатиш, уларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун билимли, тажрибали гуруҳ раҳбарлари саралаб олингани айтилди. Умра зиёрати 10 кунни ташкил этиб, юртдошларимиз 3 кун Мадинаи мунаввара, 7 кун Маккаи мукаррама шаҳрида бўладилар.

Умра сафари давомида зиёратчиларга ўзбекистонлик 5 нафар ишчи гуруҳи, 200 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 47 нафар шифокор хизмат кўрсатади.

Кириш визаси билан боғлиқ масалалар ҳал этилгандан сўнг, Умра сафарига отланган биринчи гуруҳ зиёратчиларимизнинг Саудия Арабистонига жўнаб кетиш куни Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар