1

Газ соҳасидаги монополистнинг 188 миллиард сўмлик ноқонуний ҳаракатларига барҳам берилганмиди?

ЖАМИЯТ 09.10.2019, 22:57
Газ соҳасидаги монополистнинг 188 миллиард сўмлик ноқонуний ҳаракатларига барҳам берилганмиди?

Республика Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан амалга оширилаётган назорат ишлари доирасида “Ўзтрансгаз”АЖ томонидан ноқонуний ҳаракатлар аниқлангани ҳақида маълумотлар ва ҳудудлар кесимида рўйхат келтирилган эди. Ушбу фактларга таянган ҳолда бир қанча сайтлар хабар тарқатди. Сайтларда тарқатилган хабарларга нисбатан “Ўзтрансгаз”АЖ расмий муносабат билдирди.

“Кун.уз, Қалампир.уз, Газета.уз сайтларида “Газ соҳасидаги монополистнинг 188 миллиард сўмлик ноқонуний ҳаракатларига барҳам берилди” мазмунидаги сарлавҳа остида мақолалар эълон қилинди. Мақолада келтирилган фактларни нотўғри деб бўлмайди. Аммо, “188 миллиард сўмлик ноқонуний харакатлар” деган жумла ноўрин қўлланилган. Чунки,амалдаги меъёрий хужжатлар бўйича барча улгуржи истеъмолчиларга шартномавий талаблар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги ВМҚ-22-сон қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”да келтирилган талабларга кўра табиий газ етказиб берилади ва шу газ учун белгиланган тарифлар бўйича тўловлар амалга оширилади.

Юқоридаги қарорнинг 2-иловасига асосан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 111 бандида истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 100 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотига олдиндан тўловларни амалга оширишлари белгиланган.

Ушбу банднинг 2-хат бошига асосан Бюрога билдирги тартибида мурожаат қилинган ҳолда ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин ҳисоб-китобни 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириши мумкин, ҳамда амалда истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун якуний ҳисоб-китоб ҳисобот ойининг охиригача амалга оширилиши белгиланган.

Қарорнинг 107-моддасида табиий газ учун истеъмолчининг тўлов муддати ўтган қарзи мавжуд бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, тўлов муддати ўтган қарзни тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмаслиги қайд этилган.

Лекин истеьмолчилар, меъёрий хужжатлар ва шартнома талабларини бажармасдан, яъни ҳисобот ойи тугагандан кейин келгуси ойнинг 10 санасигача якуний ҳисоб-китобларни бажармасдан, ўтган ҳисобот ойи учун дебитор қарздорлиги мавжуд бўла туриб, нарх-навонинг ўзгаришини билган ҳолда келгуси ойнинг 14 санасида тўловни амалга ошириш ҳолатлари кузатилган. Яъни, ҳисобот ойи учун якуний ҳисоб-китобларни таъминламасдан, 14 санадаги тўловни келгуси ой учун аванс тўлови деб эътироф этилган ҳолатлар аниқланган. Бу эса ҳисоб китобларнинг аниқлигига шубҳа уйғотади.

Мақолада келтирилган ҳолатларда республикадаги газ таъминоти корхоналари томонидан улгуржи истеъмолчилар билан шартнома имзолаш даврида истеъмолчиларнинг фаолият йўналишлари белгиланмаган. Айрим улгуржи истеъмолчилар мисолида қарайдиган бўлсак, улар ўз уйларида Оилавий корхона шаклида ресторан ёки кафеларни ташкил этишган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг №ПҚ-3379-сонли қарорида табиий газ оширилган тарифларда сотилиши белгиланган истеъмолчилар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда ресторан ва кафеларга ҳам 1 куб.метр табиий газ учун 1000 сўмдан ҳисоб-китоб қилиниши кўзда тутилган. Аммо, ҳозирги кунда энергоресурсларнинг нархлари табақаланган тарзда оширилиши муносабати билан истеъмолчиларимиз, айниқса ресторан ва кафелар Оилавий корхона шаклида қайта рўйхатдан ўтмоқда. Бунинг сабаби Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунидаги 28-моддасига асосан Оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари, яъни табиий газ ҳақини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширади.

Биргина 2018 йил давомида нархларнинг табақаланиши оқибатида, 12 мингта Хусусий корхона-Оилавий корхона сифатида қайта рўйхатдан ўтган. Бу эса тадбиркорларнинг имтиёзли нархларда табиий газ тўловларини амалга ошириш учун қилган ҳатти-ҳаракатларидир.

Истеъмолчилар ўз Низомларида асосий фаолият турларидан ташқари яна бир қанча фаолият турларини кўрсатиб ўтишган. Аммо меъёрий хужжатларга асосан истеъмолчиларнинг фаолият турлари ўрганилганда, истеъмолчиларга оширилган нархларда табиий газ сотилиши лозимлиги аниқланмоқда.

Бу улгуржи истеъмолчилар томонидан олдиндан тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги туфайли келиб чиққан англашилмовчиликлар бўлиши ёки ҳисоб-китобларни амалга оширишда методологик ёндашувдаги ҳатолик бўлган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, мақоланинг-маблағларнинг ўзлаштирилиши деган мазмунда ёритилиши қанчалик тўғри ?!

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ажримларида газ таъминоти корхоналарига бир ой ичида қайта ҳисоб-китобларни амалга оширилиши белгиланган. Газ таъминоти корхоналари томонидан табиий газдан мавсумий ва доимий фойдаланадиган истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга асосан аниқланган миқдорлар қайта ҳисоб-китоб қилинади. Аванс тариқасида тўланган тўловлар миқдори келиб чиқса, бу тўловлар миқдори корхоналарнинг кейинги даврда оладиган табиий газ ҳажмлари учун ҳисоб-китоб қилиниши мумкин.

Хулоса шуки, шартномада кўрсатилган шартларга истеъмолчи ва таъминотчи бирдек 100 % амал қилиши керак. Шундагина, ўтказилган текширувлар аниқ ва холис кечишига эришиш мумкин. 

Интернет саҳифаларидаги мақолаларда келтирилган маълумотлардан тадбиркорлик субъектлари ёки аҳолининг ҳавотирланишларига асос йўқ деб ўйлаймиз.

Бундай ҳолатларда турли қарорлар қабул қилиш ноўриндир ва истеъмолчи билан таъминотчи орасида вужудга келган барча низолар ўрнатилган тартибда суд қарорларига асосан ҳал этилади.”

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1