Янги йил арафасида Самарқанд вилоятидаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва имконияти чекланган 40 нафар ёшларга Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уй хонадонлари калити топширилди. Бу ҳақда “Зарафшон” газетасига таяниб, kun.uz хабар бермоқда.
Самарқанд ахборот коммуникация технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежи балансида бўлган мазкур кўп қаватли уй ҳам юқоридаги қарорлар асосида таъмирланиб, меҳрибонлик уйлари битирувчилари ва имконияти чекланган ёшларга туҳфа этилди.
“Бугунги кунда 9-меҳрибонлик уйида ҳайдовчилик қилаяпман. Икки нафар фарзандим бор. Бир неча йилдирки, ижарада яшаб келаётгандик. Бугун икки хонали шинам квартирага эга бўлганимиздан турмуш ўртоғим иккимизнинг қувончимиз ичимизга сиғмаяпти”, – дейди 11-меҳрибонлик уйи собиқ тарбияланувчиси Сафар Жўраев.
“Меҳрибонлик уйидаги таҳсилдан сўнг коллежда ўқидим. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаяпман. Лекин шу пайтгача ўз бошпанам йўқ эди. Бугун эса энг катта орзуим ушалиб, уйли бўлганимдан хурсандман”, – дейди оддий аскар Садриддин Мардонов.
Тадбирда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев, вилоят прокурори Б.Деҳқонов ва бошқалар иштирок этган.





