Жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг ўқувчи-ёшлари ўртасида ўтказилган “VII Халқаро мактаб спорти фестивали” бўлиб ўтди. Унда 11 мамлакатдан келган терма жамоалар таркибидаги 483 нафар ўқувчилар қатнашди.
Спорт фестивалида Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Украина, Туркманистон, Белоруссия, Молдова, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон давлатлари мактаб ўқувчилари спортнинг бадминтон, баскетбол, волейбол, мини-футбол, стол тенниси, шахмат ҳамда мини сув полоси турларидан беллашдилар.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган, 2018 йил умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақаларида ғолиб бўлган Жиззах вилояти Зарбдор тумани 2-, 3-, 9- мактаб ўқувчиларидан шакллантирилган 8 нафар спортчи қизлар ушбу фестивалда спортнинг волейбол тури бўйича фахрли учинчи ўринни қўлга киритди, дея хабар беради Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.
Татаристон Республикаси Спорт вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, мусобақалардан сўнг спортчилар Қозоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди. Сўнгра Таниқли спортчилар ҳақидаги фильм намойиши ва маҳорат дарсларида иштирок этишга муваффақ бўлди.