Таксилар турадиган бекатга келиб, киракашларнинг биридан сўрадим:
- Лолазорга бормоқчи эдим?
- Қанча берасиз?
- Ўн минг!
- Ўн икки минг бера қолинг?
Машинага ўтирдим. Киракаш ўз-ўзидан гап бошлади:
- Бу солиқчи ва лицензиячиларнинг дастидан эмин-эркин юра олмайдиган бўлиб қолдик. Қачон қарасанг йўл патрул ходимлари билан таёғини ўйнатиб лип этиб олдимдан чиққани-чиққан.
- Нима рухсатномангиз йўқми?
- Йўқ, лицензия олсангиз ҳар куни тўлов тўлаб йўлланма олиш керак. – Бензиннинг нархи... Машина ижара ҳаққини айтмайсизми? Бу ҳам отнинг калласидай.
- Ахир кўпчилик қонуний ишлаяпти-ку. Сиз ҳам шундай қилсангиз бўлмайдими?
- Ўзимизга кўпроқ қолсин, деймиз-да. Ана бу ерда ҳам турибдилар, тўхтатмасалар бўлди-ёв. Булар ички йўлларда ҳам пойлайдиган одат чиқаришган.
Йўл патрул ходими тўхташ ишорасини қилди. Киракаш улар турган жойдан анча ўтиб тўхтагач, менга деди:
Менинг исмим Ҳасанбой, сизники-чи?
Меники Каримбой, – дедим.
- Исмингиз ҳозирча Ҳусан бўлақолсин. Уларга укам Ҳусан десам ишонарли бўлади.
Улар ҳужжатларни кўриб бўлгач, мендан сўрашди:
Қаерга бораяпсиз?
“Лолазор”га
Неча сўмга келишдингиз?
Дарров киракаш деди:
- “Бу укам Ҳусан бўлади. Иккаламиз ҳам бир ҳовлида яшаймиз. Келиб-келиб укамдан пул оламанми?”
Солиқчи деди:
- Сизлар бошқа сайёрани Ҳасан-Ҳусанларимисизлар? Кўп Ҳасан-Ҳусанларни кўрганмиз, улар бир-бирларига қуйиб қўйгандек ўхшайди. Сизлар бир-бирларингизга умуман ўхшамайсизлар-ку.
- Бизлар ўхшамайдиган ака-укалармиз, – деди киракаш. Кулги кўтарилди. Ҳужжатларни қайтариб беришди.
Йўлда давом этарканмиз, киракаш:
–Жуда бопладик-да, раҳмат сизга, бир балодан қутқардингиз!
Манзилга ҳам етиб келганимизни билмай қолибмиз. Раҳмат айтиб машинадан тушмоқчи бўлдим.
–Пулни бермайсизми? – деди.
–Қанақа пул? Сиз акам Ҳусан бўлсангиз, мен укангиз Ҳусан бўлсам. Иккаламиз бир ҳовлида яшасак, ака укадан пул оладими?”
–Ҳазилни ёқтирмайман, пулни чўзинг, – деди киракаш.
Мен ўн икки минг сўмни бериб, дедим:
–Ҳийлангиз иш бермади. Машинани орқага қайтаринг!
–Қаерга?
–Тегишли жойга.
–Кимсиз ўзи?
–Мен назорат қилувчи орган ходими Таҳлилбоевман.
–А... Ахир бизлар “Ҳасан-Ҳусан”...
НАЙЗАБЕК