2019 йил 16 октябрь куни @sizdantelegram ижтимоий тармоғида “Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан ёзмоқдамиз. Паспорт столи. Тунги соат 11.00 да Одамлар хорижга чиқиш паспорти учун навбатда турибди...” сарлавҳаси билан хабар тарқатилган. Мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати тезкор маълумот берди.
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилиши натижасида маълум бўлдики, хабар тасвирга олинган куни Ангрен шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг маълумотларни йиғиш пунктида 4-5 нафар фуқаролар тайёр бўлган хорижга чиқиш паспортини олиб кетишга келган. Бўлим ходимлари кун давомида 180-200 нафар фуқаронинг хорижга чиқиш паспорти учун фуқароларнинг электрон талабномасини шакллантирганлар ва соат 18.00дан кейин эса тайёр бўлган паспортларни эгаларига тарқатиш учун 140-160 нафар фуқарога хизмат кўрсатганлар.
Бугунги кунда ушбу ҳудудда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун фуқароларнинг мурожаатлари кўплигини инобатга олиб, навбатларни камайтириш ва фуқароларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш учун Ангрен шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қўшимча бир дона қурилма ўрнатилган.