18 октябрь - Самарқанд шаҳри куни
Азалдан инсоният тамаддуни, жамият тараққиётида шаҳарлар ҳамиша алоҳида ўрин тутгани яхши маълум. Шу пайтга қадар ер юзида қанчадан-қанча шаҳарлар вужудга келгани, уларнинг қанчаси тарихнинг суронли воқеалари, турли табиий офатлар натижасида йўқ бўлиб кетгани ҳам аён ҳақиқат.
Бу дунёданинг шаҳарлари кўп...
Маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда эллик мингдан ортиқ шаҳар мавжуд. Бироқ, улар орасида икки минг йилдан зиёд тарихга эга бўлганлари бармоқ билан санарлидир. Шу боис ҳам она диёримизда тарихи минг йиллар билан бўйлашадиган шаҳарларнинг кўплиги барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Мустақиллик йилларида тарихий қадриятларимизни қайта тиклаш, улуғ аждодларимиз яратиб қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Марғилон шаҳарларининг юбилейлари халқаро миқёсда нишонланди. Жумладан 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг миқёсда байрам қилинди.
Қадим Шарқда машҳур бўлган “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” мисраси ўтган асрларда қанчалик буюк ва ҳаққоний мазмун касб этган бўлса, бу ҳақиқат, бугун ҳам, эртага ҳам ўз моҳиятини йўқотмаслиги муқаррар.
“Самарқандча латиф шаҳар камракдур”
Буюк мутафаккир шоир, назм мулкининг султони бўлмиш Алишер Навоийдек буюк зотларни камол топишида ҳам Самарқанд беқиёс ўрин тутган эди. Шу боис ул зот “Садди Искандарий” достонида бу шаҳарни “Самарқанди фирдавсмонанд” яъни “жаннат боғларига монанд шаҳар” дея таърифлаган, “Мажолисун-нафоис” тазкирасида ўнлаб самарқандлик шоирлар ижодига муносиб баҳо бериб ўтганлар.
Мирзо Бобур “Бобурнома”да унга “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камракдур” дея баҳо берган. Улуғ аждодларимизнинг бундай эътирофлари бежиз эмас, албатта. Ишончли тарихий манбалар, узоқ йиллардан бери олиб борилаётган тадқиқотлар, илмий изланишлар, асрлар бўйи тилдан-тилга ўтиб келаётган ривоятлар ҳам Самарқанднинг нақадар қадимий, узоқ ўтмишга эга эканини исботлайди.
Тарихчи олимларнинг шаҳодат беришича, Самарқанд тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Марказий Осиё халқларининг муштарак ёдгорлиги - “Авесто”да учрайди. Унда Зарафшон воҳаси“Суғуд” ва “Суғуда Гава” номлари билан тилга олинади. Мутахасиссларнинг фикрича, “Суғуда Гава” тушунчаси воҳанинг аҳоли деҳқончилик билан шуғулланадиган қисмига нисбатан, “Суғуд” атамаси унинг пойтахтига нисбатан ишлатилган.
Бу шаҳар илк бор юнон тарихчиси Арриан солномаларида “Мараканда” номи билан аталган. Милодий 340-345 йилларда битилган “Искандар сафарномаси” китобида шаҳар Суғдиёнанинг пойтахти Маракунда тарзида зикр этилган.
Нега айнан Самарқанд?
Самарқанд номининг келиб чиқиши юзасидан олим ва мутахассислар турли тахминларни илгари сурадилар. Бу борада тарихий фактларни ҳам, афсона ва ривоятларни ҳам кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг айримларини кўриб чиқайлик.
Машҳур тарихчи олим Абу Тоҳирхўжа ўзининг “Самария” асарида бу хусусда бир қанча мисолларни кетириб ўтади. Нақл қилишларича, бир пайтлар шу ерда Самар исмли бир киши яшаб ўтган. У ўз атрофига кўпгина одамларни тўплаган ва кент (туркий тилда шаҳар, қишлоқ маъносида) барпо этган. Шу боис дастлаб бу ерни “Самаркент” яъни “Самар қурган шаҳар” деб номлашган. Кейинчалик бу ҳудудни фатҳ этган араблар унинг номини ўз тилларига мослаб “Самарқанд” деб атаганлар.
“Тарихи Табарий”да келтирилишича, бу шаҳарни Самар отлиғ бир хон бино қилган (тиклаган). Энг аввал бу шаҳарга туркийларнинг Қанд уруғи келиб ўрнашган. Кейинчалик бу шаҳар обод бўлиб, Самарқанд номини олган экан.
Самарқанд номи кўпгина тарихий манбаларда “Семизкент” шаклида учрайди.Буюк алломаларимиз Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Қошғарий асарларида ёзилишича, бу сўз қадимги туркий тилдабой, ҳосилдор, серунум шаҳар маъносини англатади. Бу фикр бир қатор хитой, арман тарихчиларининг асарларида, Амир Темур даврида Самарқандга ташриф буюрган испан сайёҳи Дон Рюи Гонзалес деКлавихо кундаликларида, шунингдек, "Бобурнома"да ҳам ифода этилган.
Самарқанднинг ёши нечада?
Шу пайтга қадар Самарқанднинг ёши билан боғлиқ турлича қарашлар ҳам мавжуд эди. Бу борадаги саволларга мустақиллик йилларида француз археологлари билан ҳамкорликда Афросиёб тепаликларида олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқжавоб олинди.
Афросиёбнинг энг қуйи маданий қатламларидан топилган милоддан аввалги IX-VIII асрларга оид ашёлар - сопол идишларнинг парчалари ва қадимий мудофаа деворининг қолдиқлари Франция илмий-тадқиқотлар миллий марказида ўрганилганда, Афросиёб, демакки, Самароқанднинг ёши 27 асрдан кўпроқ экани маълум бўлди. Шу тариқа ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2005 йил 20 октябрдаги 33-сессиясида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарор қабул қилинди.
Соҳибқироннинг муаззам пойтахти
Самарқанд ўз тарихи давомида не-не ҳукмдорларни, хон ва амирларни кўрмади. Эрон шоҳи Дородан то Араб саркардаси Қутайбага қадар, Қонхўр Чингиздан то генерал Абрамовгача бўлган қанчадан қанча фотиҳ ва саркардалар бу азим шаҳарни ер билан яксон этмоқ қасдида сурон солиб келган эдилар. Тарихнинг донишмандлигини кўрингки, уларнинг ўзи аллақачонлар тупроққа қорилди. Самарқанд эса ҳануз барҳаёт, ҳамон навқирон. Шаҳарни маҳв этишга чоғланган каслардан нишона қолмади. Аммо, Самарқанд асрлар, минг йиллар оша яшаб келаётир.
Мўғул истилосидан сўнг Самарқанднинг қайтадан қад ростлашига, том маънода Шарқнинг энг беназир кентига айланишида улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг буюк ҳиссааларини эътироф этмоқ жоиздир. Зеро, Самарқанд ва Амир Темур номлари ҳамиша халқимизнинг ифтихори, чексиз фахру ғурар тимсоли бўла олади.
Соҳибқирон Амир Темур даврида бу шаҳарда кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, Самарқанд нафақат буюк салтанатнинг пойтахти, балки чин маънода ер юзининг сайқалига, илм-фан, санъат ва маданият марказига айланди, ривожланди. Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги пайтида бу ерда Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди ва бошқа ўнлаб бебаҳо тарихий ёдгорликлар, мадраса ва карвонсаройлар, ҳаммом ва кўприклар қад ростлади. Гўзал боғ-роғлар яратилди.
Озод юртнинг бебаҳо жавоҳири
Бугунги кунда шаҳар янада кўркам, гўзал ва бетакрор қиёфа касб этиб бормоқда. Ҳар йили кўплаб замонавий иншоотлар барпо этилмоқда. Аждодларимиз яратиб қолдирган бебаҳо обидалар қайта таъмирланмоқда.
Хусусан, 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанддакенг қамровли ишлар амалга оширилди. Амир Темур салтанати пойтахтида Соҳибқироннинг муаззам, салобатли ҳайкали қад ростлади. Мазкур қутлуғ сана арафасида Самарқанд шаҳрини Амир Темур ордени билан мукофотланган эди. Шу кундан бошлаб, 18 октябрь юртимизда Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаб келинади.
Имом ал-Мотурудий, Хожа Аҳрор Вали мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси сингари муқаддас қадамжоларнинг обод қилиниши, Регистон майдони ва унинг атрофидаги бунёдкорлик ишлари, умуман шаҳарнинг тарих ва замонавийлик уйғунлашган бугунги кўриниши замирида Ватанимиз ўтмишига, буюк аждодларимиз даҳосига ҳурмат-эҳтиром мужассамдир.
Дунёнинг ифтихорига муносиб шаҳар
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг 2750 йиллиги арафасида ҳам кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шоҳизинда мажмуасидан Бибихоним мақбарасигача бўлган ҳудудда муҳташам хиёбон барпо этилди. Сиёб деҳқон бозорида жаҳон талаблари даражасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди, замонавий савдо масканлари ишга туширилди. Оқсарой ва Сароймулкхоним мақбаралари, Тиллакори мадрасаси қайта таъмирланди. Шаҳар атрофи ва ички йўналишларда янги йўллар қурилди. Руҳобод майдонига туташ ҳудудда янги боғ – гўзал хиёбон барпо этилди.
Маълумки, 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир маротаба ЮНЕСКО иштирокида Самарқанд шаҳрида анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказиб келинмоқда. Мазкур нуфузли анжуман халқаро миқёсдаги маданий алоқаларни ривожлантириш, халқимизнинг бой мусиқа санъатини кенг тарғиб этиш баробарида кўҳна Самарқанд довруғини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Самарқанд ҳар доим хорижий сайёҳларни ўзига мафтун этиб, ҳайратда қолдириб келган. Шаҳарнинг обод кўчаларини, боғ ва хиёбонларини кезиб, тарихий обидаларини зиёрат қилар экансиз, нафақат юртимизнинг турли гўшаларидан, балки, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган саёҳатчиларни учратасиз.
Бугун қадимий Афросиёб тепаликлари, гумбазлари тонгги қуёш нурида ял-ял товланаётган обидалар, буюк алломалар мангу ором топган, бугунги авлодлари бунёдкорлик шавқи, эзгу ният ва мақсадлар ила яшаётган бу азим шаҳар ўзининг яна бир мунаввар тонгини қарши олмоқда...