Саудия Арабистонида 39 нафар зиёратчини олиб кетаётган автобус иштирокида йирик йўл транспорт ҳодисаси рўй берди.
Мамлакат ОАВ хабарларига кўра, автобус юк автомобили билан тўқнашиб кетиши ортидан ёниб кетган. Автоҳалокат Мадина маъмурий окуругидаги аль-Ахал қишлоғи ҳудудида рўй берган. Ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлган, яна 4 нафари эса жароҳатланган. Маълумотларга кўра, автобус Умра зиёратини амалга ошираётган араб ва Осиё мамлакатлари фуқароларини олиб кетаётган бўлган.
Жароҳатланганларнинг барчаси Аль-Хамна шифохонасига етказилган. Мадина губернатори шаҳзодаси Фейсал бин Салмон бин Абдул Азиз автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларга барча зарурий тиббий хизмат кўрсатилиши юзасидан топшириқ берди. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.