1

ЛОЛА ЙЎЛДОШЕВА: КАМЧИЛИКЛАРИМНИ НАМОЙИШ ЭТИШДАН УЯЛМАЙМАН!

ШОУ-БИЗНЕС 07.01.2015, 15:15
ЛОЛА ЙЎЛДОШЕВА: КАМЧИЛИКЛАРИМНИ НАМОЙИШ ЭТИШДАН УЯЛМАЙМАН!

“Икки авлод” лойиҳасида журналист сифатида иштирок этаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева бу гал хонанда Лола Йўлдошева билан суҳбатлашишни маъқул кўрди. Умуман, Лола Йўлдошева ҳақида гап кетаркан, ҳар қандай суҳбатнинг интиҳоси унинг шахсий ҳаётига бориб тақалиши сир эмас. Раъно Ярашева эса суҳбат баҳонасида унинг шахсий ҳаётига боғлиқ саволларга ойдинлик киритди.

Раъно Ярашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Лола “Севинч” фильмида менинг қизим ролини ижро этган. Ўшанда бу қизнинг иқтидорига ишонган эдим. У ўзига берилган ролни ўйнамаган, аксинча қаҳрамони тақдирида яшаган. Буни ҳамма актёр ҳам эплай олмайди. Бугунги суҳбат орқали “қизим”нинг қалбига қўл солиб кўришга ҳаракат қиламан.

— Сизни ижодингизни эндигина бошлаган даврларингиздан яхши танийман. Бир фильмда роль ижро этдик. Ижодингизга бефарқ эмасман. Авваллари клипларингизда анча сипо кўринардингиз. Бугун клипларингиз, қўшиқларингиз хаддан ташқари замонавийлашиб кетмадими?

— (кулиб) Тўғри, ижодимни эндигина бошлаган даврларимда қўшиқларим ҳам, клипларим ҳам бугунгиларидан анча фарқ қиларди. Лекин, мен у вақтларда кўп нарсани тушуниб етмаган, оқ билан қорани фарқлолмайдиган  ғўр қиз эдим. Турмушга чиқдим, фарзандли бўлдим, ҳаётнинг паст-баландларини кўришга улгурдим. Клипларим ва қўшиқларим мазмунан ўзгарганининг асл сабаби ҳам шунда. Ўзингиз интервьюдан аввал “Қайтмайди” номли клипим ёққанини айтдингиз. Катта одамлардан бундай ижобий фикрларни эшитиш мен учун ёқимли албатта.

— Лекин шу клипингизда кўйлагингизнинг елка қисми жуда очиқлиги мени ҳайратлантирган.

— Клипда асосий эътиборни кўйлагимга эмас, мен ижро этган қаҳрамоннинг ички ҳолатига қаратишингизни сўраган бўлардим. Мен клипда ҳаётни акс эттиряпман. Агар уни жуда ёмон ҳолатда ёки ёшлар тарбиясига зид тарзда акс эттирганимизда танқид қилсангиз ярашарди. Мен ўз ҳиссётларимни, юрагимдаги ғалаёнларни ошкора кўрсатишдан қўрқмайман. Қайғу, дард, қувончни юракдан юракка етиб борадиган қилиб тасвирлаш ҳам санъат-ку.

— Кўпчилик хонанда қизларимиз турмушга чиққунларига қадар очиқ-сочиқ либосларда клиплар қилишди-да, турмуш қуришганидан кейин ёпиқ кийимларда кўринишади. Сизда эса аксинча.

— Айтдим-ку, мен ҳамма нарса ўз вақтида бўлишини истайман. Турмушга чиққанимдан кейин ҳаётга нисбатан қарашим ўзгарди. Бугун  куйлаётган қўшиқларимни, клипларни аввалари ўзимга эп кўрмасдим. Чунки ундаги ҳолатларни бошимдан ўтказмагандим. Ўзим тушунмаган, ҳис қилмаган нарсаларни куйлашим тўғри бўлмасди, менимча. Бу борадаги фикрларимга оилам ва яқинларим ҳам қўшилишади.

— Демак ижодингизга оила аъзоларингиз бефарқ эмас?

— Албатта. Керак бўлса танқид қилишади, маслаҳат беришади.

— Хоразм шевасида айтган қўшиғингизнинг мухлисиман. Айни мана шу қўшиқ сизни менга яқиндан танитган. Айтингчи, қўшиқларингизни ўзингиз танлайсизми ёки продюсерингизни таклифи билан куйлайсизми?

— (кулиб) Кўпчилик яхши биладики, продюсерим — дадам. Албатта қўшиқларни ўзим танлайман, гоҳида ўзимга ёққан бирор шеърга куй басталатаман, гоҳида тайёр қўшиқларни оламан. Хуллас, қандай бўлишидан қатъи назар унинг биринчи тингловчиси дадам бўладилар. Дадам қўшиқ борасида ўз фикрини айтмагунча уни тингловчиларга ҳавола этмаймиз. Ҳатто клипларимни ҳам кўрганларидан сўнг қайси кадрлар кераксизлиги, қаерида жуда ошириб юборганим ҳақида фикрларини айтадилар. Ўзимни оқламайман, қаршилик ҳам қилмайман. Чунки дадам ҳам сиз каби кўпни кўрган, санъатни яхши тушунадиган инсон. Гоҳида баъзи кадрлар бекор олиб ташланди деб қайсарлик қиламан-у, кейинчалик тўғри қилган эканмиз деган фикрга келаман. Хуллас, у киши менинг энг биринчи танқидчим. Лекин ғояларимни қўллаб-қувватлашни унутмайди.

— Таҳририят ходимлари айни шу гапларингизни катта харфлар билан ёзишларини сўраган бўлардим. Чунки қизим Мадина Мумтоз билан ижоди борасида кўп тортишамиз. Маслаҳатларим кўпинча бу қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетади (кулги кўтарилди). Дарвоқе, ижтимоий тармоқларга жойлаган суратларингизни кўриб ҳайрон қолдим. Адашмасам, калта “шорти”да, ошхона столида ўтиргандингиз. Хўш, дадангиз бу суратларни кўрмайдиларми?

— (кулиб) Яхшиямки, дадам интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайдилар. Йўқса, аллақачон инстаграмдаги шахсий саҳифамни ўчириб юборган бўлардилар.

— Бундай суратларни қўйишдан мақсад нима?

— Биласизми, мен доим барча каби, истаганимни қилиб яшашни жуда-жуда истайман.

— Лекин ўзбекчилик деган нарсалар бор.

  • Мен юртимизни жуда яхши кўраман. Унинг ҳар қарич тупроғи мен учун қадрли. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизга нисбатан ҳурматим жуда баланд. Лекин ҳеч қайси қадриятда кишининг ҳиссиётларини, ҳаяжонларини, юрагидаги туғёнлар, кечинмаларни чегараланмайди-ку, тўғрими? Мен бир нарсани чин юракдан хоҳладимми, уни қилишим керак. Чунки мен инсонман, мени юрагим уриб турибди. Кайфиятим яхши бўлса буни бошқалар билан бўлишгим, суратларимда тасвирлагим келади. Мен “шорти”да уйимда юрибман, ҳолбуки бундай калта “шорти”ларни одамлар кўчада кийишяпти. Бунинг нимаси ёмон?

— Йўқ, бу фикрингизга қўшилмайман.

— Гапимни эшитсангиз-чи...

— Йўқ, эшитишни ҳам хохламайман. Кўчадаги одамларни менга рўкач қилманг. Сиз санъаткорсиз, уларга ўрнак бўлишингиз керак. Интернетда ўша суратларингизга ёзилган изоҳларни кўрдингизми?

— Кўрдим. Одамлар қўйиб берсангиз ҳамма қилаётган ишимизни хатога чиқаришади. Баъзида  ўзим ҳам тушунмай қоламан қайси ишим тўғрию қайсиси нотўғрилигини. Мен одамларнинг бундай гап сўзларини очиқчасига қабул қилиб, кулгу орқали жавоб қайтаришга ўрганганман.

— Оилангизни яхши биламан. Қайнонангиз билан кўп йиғинларга бирга боришингизга ҳам гувоҳман. Кўпчилик мендан Лоланинг турмуши бузилдими деб сўрайди. “Йўқ, яшаяпти” дейишимга қарамасдан ишонишмайди. Интернетга фарзандларингизнинг турмуш ўртоғингиз билан тушган суратларини қўяркансиз-у, лекин, кўп расмларда турмуш ўртоғингизнинг юзи очиқ кўринмаскан.

— (ҳайрон бўлиб) Раъно опа, сиз интернетда йўқ эдингиз шекилли...

— (ўйланиб) А, нима десам экан? (кулги кўтарилди). Бунинг нима аҳамияти бор. Гапни айлантирмай, жавоб беринг.

— Одамлар интернетдан мени қидириб топишдими, демак, улар мени ижодда нималар билан машғуллигим билан қизиқишади. Уларга шахсий ҳаётимнинг нима қизиғи бор?

— Нега бўлмаса фарзандларингизнинг суратини қўясиз? Турмуш ўртоғингизнинг юзи эса доим беркитилган бўлади.

— Сиздан яхши прокурор чиқаркан... (кулиб). Мен ҳам аёлман, балки турмуш ўртоғимни қаттиқ севганимдан унинг суратини ҳаммага ошкор қилишни истамасман. Ахир, ўта рашкчи аёллар тоифасига кираман.

— Сиз ўзингизни кучли аёл деб ўйлайсизми?

— Ҳадеб мен ҳақимда гаплашаверамизми? Масалан сиз ҳақиқатдан ҳам кучли, замонавий аёллардансиз. Доим нима биландир  машғулсиз, бировнинг ғийбатига аралашмайсиз, ўз кунингизни ўзингиз кўришга, бировдан ёрдам кутмасликка ўргангансиз. Карьерангизни ярим йўлда ташлаб қўймагансиз. Бу жиҳатдан сизни замонавий ўзбек аёли тимсоли  деса ҳам бўлади.

— Сиз-чи?

— Ҳаёт паст-у баландликлардан иборат. Унда қоқилган одам ожиз эмас. Мен йиқилса-да, ўзини ўнглаб оладиганларни ҳурмат қиламан. Ҳар бир қоқилиш иродамизни мустаҳкамлашига ишонаман. Шунинг учун ўзимни заиф деб ҳисобламайман.

— Сизни танибманки, сира ўзгармагансиз. Спорт билан доимий шуғуллансангиз керак-а?

— Нега энди фарзандли бўлганимдан кейин мен ҳам жуда семириб кетгандим. Ҳатто ўша вақтдаги суратларимни ҳам интернетга жойлаганман. Сиз эса “шорти”даги суратларимни кўргансиз холос.

— Наҳотки?

— Ҳа, бунинг нимаси ёмон. Мен бугунги кунга келиб ўзимнинг камчиликларим билан халққа кўринишдан, ўз айбларимни очиқчасига тан олишдан уялмайман. Бундай суратларни қўйишдан мақсадим ўзимни кўз-кўз қилиш эмас. Аксинча ҳар бир киши, айниқса аёллар ўзини ҳурмат қилиши, биринчи навбатда ўзини сева олиши кераклигини ўргатиш эди. Оиламизнинг тинчлиги ҳам, гўзаллик ҳам, ҳамма-ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда. Аёл ўзини севса, бошқалар ҳам уни севади.

— Фарзандлар тарбияси асосан аёл кишининг гарданида... Уларнинг қизиқишларига қаршилик қилмайсизми? Ким бўлишларини хоҳлардингиз?

— Қайси касб эгаси бўлишларидан қатъи назар, энг аввало яхши инсон бўлишсин. Бу ота-она учун энг катта бахт. Ҳозирча ўғлимни ҳам, қизимни ҳам турли тўгаракларга берганмиз. Уйда улар билан кўп мулоқот қиламиз. Шахмат, шашка мусобақаларини ўтказамиз, фикрларини очиқ айтишга ўргатамиз. Баъзан фарзандларимга қараб туриб кўп нарсани ўрганаман. Ўзим болалигимда жуда ювош, қўй оғзидан чўп олмаган, мактабда аъло бахоларга ўқиган қиз эдим. Қизим - синглимнинг ўзи. Ушлаган жойини узмай қўймайди. Ўғлим эса жуда жиддий. Уларнинг ютуқларидан қувонаман, рағбатлантиришни унутмайман. Ҳатто мактабда ёмон баҳо олишса ҳам койимайман. Тўғри тушунтиришга, ҳаёт бир текисда кетмаслигига, мана шундай мағлубиятларга тайёр туришга ўргатаман (ўйланиб) Вой, Раъно опа, дунёда энг оғир, энг маъсулиятли касб оналик экан!

— Яширишнинг ҳожати йўқ. Бизда санъаткорлар тўй-ҳашамлардан топган пуллари эвазига, қўшиқ яратишади, клип олишади. Лекин сизни тўй-ҳашамларда деярли учратмайман. Ижодингизга пулни қаердан оласиз?

— Менинг ҳаётимда пул унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Бу билан менга пул умуман керак эмас демоқчимасман, албатта. Лекин пул қандай келса шундай кетади. Ҳаётда ҳамма нарсага нисбатан шундай қарайман. Бирор нарсам йўқми, сиқилишдан нима наф? Демак вақти-соати билан бошқаларда бор нарса менда ҳам бўлади. Мен ўзимизга берилган ҳаётдан борлигича завқланиб, шукр қилиб яшашни афзал биламан.

— Лола сиз билан суҳбатлашиб анча куч олдим. Ҳаётга нисбатан қарашларимни бир мунча ўзгартира олдингиз. Тўғриси, сиз ҳақингизда ўйлаган барча ижобий фикрларим ўз исботини кўрсатди. Суҳбат учун раҳмат!

  • Сизга ҳам раҳмат!

Қамариддин Шайхов ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1