1

Тезкор: Президент девони бўлим бошлиғи давлат мансабдорларидан тузилган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилгани маълум бўлди

ЖАМИЯТ 21.10.2019, 20:54
Тезкор: Президент девони бўлим бошлиғи давлат мансабдорларидан тузилган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилгани маълум бўлди

Президент девонининг Ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи “товламачилик, фирибгарлик, пора олди-бердиси” билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилгани маълум бўлди. Бу ҳақида “Jahon.uz” интернет нашри ихтиёрида бўлган терговга оид ҳужжатларига таяниб маълум қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси умумий бўлимининг экспедиция мудири лавозимида ишлаган, 1963 йил 20 июнь куни Самарқанд вилоятида туғилган Асатулла Дўстов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси(ЖК)нинг 165-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари, 168-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари, 209-моддаси  2-қисмининг “а,б” бандлари 28,211-моддаси 3-қисмининг “а,б,в” бандлари, 242-моддасининг 1-қисми билан, 243-моддаси билан айбланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Ишлар Бошқармаси Умумий бўлимининг Экспедиция мудири лавозимида ишлаб келган Дўстов Асатулла Исмаилович К. Пирназаров билан биргаликда доимий, иерархик ташкилий тузилишга эга бўлган, пухта конспирация ва ҳуқуқни муҳофоза қилиш органларидан ҳимояланишнинг йўлга қўйилган тизимини ташкиллаштириб, коррупциялашган профессионал жиноий фаолият билан шуғулланиб, уни орқасидан ноқонуний бойлик орттириб, бу билан ўзлари ва яқинлари томонидан текинхўрона, дабдабали ҳаёт кечиришини таъминлаб, давлат ва жамоат манфаатларига, фуқароларнинг дахлсизлиги, ҳаёти ва соғлиги, қонун билан қўриқланадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига иқтисодий зарар ва жиддий зиён етказиб келишган.

К.Пирназаров ноқонуний даромад ва бойлик орттириб, ўзганинг мулкини ва мулкка бўлган ҳуқуқини фирибгарлик ва товаламачилик йўли билан қўлга киритиб, мулкий наф кўриш мақсадида жиноий уюшма тузишни режалаштириб, мазкур жиноий режасини амалга ошириш учун дастлаб 2008 йил декабрь ойида жиноий гуруҳ тузиб, унга жиноят содир этишга мойил бўлган, Девоннинг маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси мутахассиси Йўлдош Ўринов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲООББ профилактика инспекторларига амалий ёрдам бериш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ўралов Нуриддин Абдурасулович, муқаддам мазкур вазирлик тизимида ишлаб, нафақага чиққан Сулейманов Сафиулла Садўкович, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг иқтисодий таҳлили ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Талипов Мансур Саидович, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланган ва тузалиш йўлига ўтмасдан хавфли рецидив жиноятларни содир этиш йўлига кирган Ашуров Мусурмон, терговда аниқлашни имкони бўлмаган, лекин ўзларига маълум бўлган “Алишер”, “Қахрамон”, “Соҳиба”, “Зулхумор”, “Аҳмад”, “Салим” исмли шахсларни жалб қилган.

Шундан сўнг, К. Пиназаров доимий жиноий фаолият билан шуғулланиш учун Девоннинг Ишлар Бошқармаси Умумий бўлими Экспедиция мудири лавозимида ишлаб келган А.Дўстов билан, у томонидан ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида ташкил этилган, жиноят содир этишга мойил бўлган, Девоннинг умумий бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Махсумов Абдурахим Фарсадович, «Янги Ангрен Иссиқлик энергостанцияси» очиқ турдаги акциядорлик жамиятида техник вазифасида ишлаб келган Ниязов Абдужаббор Абдибакирович, ўзининг укаси Дўстов Искандар Исмаилович, Тошмуродова Дилафрўз Жабборовна ва бошқаларнинг аъзолигидаги уюшган жиноий гуруҳга бирлашиб, жиноий уюшма тузиб, унинг фаолиятига А.Дўстов билан раҳбарлик қилиб келган.

Жиноий уюшма раҳбари А.Дўстовнинг раҳбарлигидаги уюшган гуруҳ аъзолари А.Махсумов, А.Ниязов, И.Дўстов, Д.Тошмуродоваларга муайян маблағга эга бўлган, мансабпараст Давлат корхоналарининг раҳбарлар лавозимларига ўтиш ниятида юрган фуқароларни топиш, уларга жиноий уюшма раҳбарлари К.Пирназаров ва А.Дўстовларни Давлат аҳамиятига молик, юқори лавозимда ишловчи муайян миқдордаги ҳақ эвазига ҳар қандай ишларни маблағ берган шахсларнинг манфаатлари йўлида ижобий ҳал қила олишга қодир шахс сифатида таърифлаб, уларнинг ишончига кириб, уларнинг маблағларини қўлга киритиш билан шуғулланиб келишган.

Улар қандай жиноятларни содир этишган

Жиноий гуруҳ аъзолари қуйидаги ҳолатларда, яъни қуйидаги ишларни амалга оширишларини ваъда қилиб фирибгарлик жиноятларини содир этгани маълум бўлди.

- Тошкент шаҳар Шайҳонтохур тумани, “Марказ-13” мавзесидаги “Чкалов” номидаги Тошкент авиация бирлашмасига қарашли бўлган ер майдонида Девон, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси ходимлари учун 4-5 хонадан иборат уйлар қурилиши ва ушбу уйлардан олиб бериш;

- ИИВ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 244(2)-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қамоққа олинганларни қамоқдан чиқариш ва улар сақланаётган УЯ-64/ТҲ-1 муассасаси ходимлари томонидан муассасанинг ички тартибини бузишган тақдирда уларга нисбатан жазо қўлланилмаслиги масаласини ҳал қилиб бериш;

- “Чкалов” номидаги Тошкент авиация бирлашмаси томонидан сотувга чиқарилаётган мол-мулкларни сотиб олиб бериш;

- Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишловчи Р.Мухиддинов билан яқин муносабатда эканликларини айтиб авф орқали маҳкумларни қамоқдан чиқариш;

- Девоннинг Умумий бўлимида фуқароларни қабул қилишда юритилган тартибга кўра, биринчи маротаба мурожаат қилган фуқароларга яшил рангдаги “Қабулга келувчиларни рўйхатга олиш варақаси” юритилиши, такроран мурожаат қилганга мазкур варақанинг сариқ рангдагиси юритилиши белгиланган. А.Дўстов фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида, К.Пирназаров орқали “тузоғига” илинганларнинг исм-шарифлари яшил рангдаги “Қабулга келувчиларни рўйхатга олиш варақаси”га ёзилишига эришган ва шу сабаб ҳам уларга фуқаролар ишонишган;

- Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлаш;

- Нукус Давлат педагогика институтининг ректори лавозимига тайинлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлаш;

- Самарқанд вилоят Нарпай туманида жойлашган «Оқтошдонмаҳсулотлари» очиқ турдаги акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимига тайинлаш; (Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун ва Девон қабулхонасида юритилган ички тартиб талабларига зид равишда, М.Рахимовни қабул қилганлиги ҳолати бўйича расмийлаштирилган “Қабулга келувчиларни рўйхатга олиш варақаси”га гўёки М.Рахимов ўзи “Оқтошдонмаҳсулотлари” очиқ турдаги акциядорлик жамиятида узоқ йиллар ишлаб, 2008 йилда ноҳақ ўз лавозимидан озод этилганлигини таъкидлаб, ўз ишига қайта тикланишига ёрдам сўраб мурожаат қилганлигини ва унга масаласи маъмурий-ҳуқуқий масалага оид бўлганлиги учун ҳужжатлар ва ариза билан маъмурий-ҳуқуқий органларга мурожаат этиши мумкинлиги ҳақида тавсия берилганлигини кўрсатиб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларини кўзлаб расмий ҳужжатга била туриб сохта ёзувларни киритиб, қалбакилаштирган. Аслида, бу М.Рахимов ишга ўтиши учун суҳбат бўлди деган саҳнани кўрсатиш учун қилинган. М.Рахимов А.Махсумовнинг қабулига кириб чиқиб, “Оқтошдонмаҳсулотлари” очиқ турдаги акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимига тайинланишига ишонч ҳосил қилгач, 50.000 АҚШ долларини берган);

- Абитуриентларни ўқишга киритишга ишонтириб фуқароларни маблағларини ўзлаштириб келганлар;

- Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг қарори, фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция ҳайъатинининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдириш ҳақидаги ажримини Олий суднинг мансабдор шахсларига топшириқ бериш йўли орқали бекор қилиш;

- “Андижонпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйиш;

- “Қўқон ёғ-мой” очиқ акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимига ишга тиклаш;

- “Янги Ангрен Иссиқлик Энергостанцияси” очиқ акциядорлик жамияти бошқарув раиси А.Абидов МХХ тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлигини билгани ҳолда, жамият раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган А.Тажибаевнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, унга жиноий уюшма раҳбари А.Дўстов гўёки Девонда масъул лавозимда ишлаб, МХХда юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали, уларга муайян миқдордаги пул маблағларини бериш йўли билан уни «Янги Ангрен Иссиқлик Энергостанцияси» очиқ акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимига тайинланишини ҳал қилиб бериш;

- Қарши Давлат университети ректори лавозимига тайинлаш;

- Нарпай туман ҳокими лавозими тайинлаш;

- “Самарқандпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаси бошқарув раиси лавозимига;

- Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига суриштирувчи лавозимига тайинлаш;

К.Пирназаров, А.Дўстовлар ўзлари раҳбарлигидаги жиноий уюшма манфаатларини кўзлаган ҳолда жиноий ҳаракатларини давом эттириб келиб, уюшган гуруҳлар ва жиноий уюшманинг жиноий фаолияти натижасида фуқароларни жуда кўп миқдордаги жами 1 млн. 669 минг 700 АҚШ доллари пул маблағларини ўзлаштирганликлари аниқланган

А.Дўстов юқори мансабга интилганларни Президент девонига таклиф қилиб, амалда улар бошқа мурожаат билан келишган дея расман қайд эттиришга эришиб, уларнинг эса ўзларига суҳбатдан ўтдингиз деб ишонтира олган. Президент девонига кириб чиққан “қармоққа илинганлар” эса суҳбатдан ўтдик дея жуда кўп миқдордаги пул маблағларини санаб бераверишган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1