1

Миллий анимация ривожида етакчи муаммо нима?

МАДАНИЯТ 28.10.2019, 16:33
Миллий анимация ривожида етакчи муаммо нима?

Халқаро анимация куни муносабати билан “Ўзбеккино” Миллий агентлигида “Ўзбек мультипликацияси ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларнинг ечимлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда анимация ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар муҳокама қилинди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, “Мультипликацион фильмлар студияси” ДУК директори в.в.б. Дмитрий Власов, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги рассомчилик ва дизайн институти раҳбарлари ўзбек миллий анимациясидаги кадрлар сиёсати масалаларини таҳлил қилишди.

Матбуот анжуманида миллий мультфильмлар ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтариш бўйича “Йўл харитаси” йўналишларини белгилаш бўйича таклифлар тингланди.

Дмитрий Власов, “Мультипликацион фильмлар студияси” ДУК директори в.в.б.:

– Совет даврида алоҳида мавқега эга бўлган ўзбек мультфильмлари бугунга келиб саёзлашиб кетишининг сабаби нима? Биз бугунги конференцияда шу каби саволларга жавоб топишимиз ва анимацияни ривожлантириш ҳақида қайғуришимиз керак. Иккинчи жаҳон урушида кўплаб аниматорлар урушга кетган, лекин анимация ривожланган. Бугун анимация ривожига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар сифатида молиявий таъминот ва кадрлар масаласини айтиш мумкин. Қолаверса, сценарий ҳам энг катта муаммолардан бири.

Азиз Муҳаммадиев, мультипликатор:

“Анимация – бу техника” дейиляпти. Йўқ, анимация техника эмас, анимация - бу ижод, анимация - бу қалб. Агар анимация ривожланишини истасак, ёш аниматорларимизнинг хориж мультипликаторларидан тажриба ўрганишларига имконият яратиб бериш лозим”.

Ғолибжон Саноқулов, аниматор:

“Ҳозир 2D анимация эмас, 3D анимациядан кўпроқ фойдаланиш керак, деб ўйлайман. Таклифим институтларга малакали ўқитувчиларни олиб келиб, дарс ўтишга жалб қилиш керак. Анимация бўйича санъат институтида факультет очилганига бор йўғи бир йил бўлди. Ҳали кўпчилик домлаларимиз замонавий талаблар асосида дарс беролмаяпти. Уларнинг ўзини ўқитиш зарур. Аммо бунинг учун маблағ сарфлаб чет элга бориб келиш шартмас. Масалан биз бу йўналишда махсус курс очганмиз. Замонавий анимацияни интернетдан ҳам ўрганса бўлади.

Тўғри, ҳозир бизда замонавий технологиялар етарли эмас. Ҳамон эскича технологиялар бўйича мульфильмлар ишланяпти. Агар уларни чет эл мультфильмлари билан солиштириб кўрадиган бўлсак, анча орқада қолиб кетганимизни билиб олиш мумкин. Бизнинг мультфильмларда ҳатто дарахтлар ҳам пластилиндан ишлангандай... Институтларда эса талабалар ҳамон лойдан Зумрад ва Қимматни ясаб ўтиришибди...”

Тадбирда сўз олган санъат йўналишидаги ОТМ профессорлари ҳозир таълим жараёнига зарур техника ва технологиялар етишмаётгани, шу пайтгача бир қатор ривожланган давлатларда ўқитувчилар малака ошириб қайтганини, ривожланиш бирдан бўлмаслигини, келгусида мутахассисларни тайёрлаш самараси яхшиланишини айтиб ўтишди.

Сценарий масаласи ҳам муаммо... 

Дмитрий Власов айтиб ўтганидек, айни пайтда сценарий ҳам энг катта муаммолардан бири. Негаки сценарий мукаммал бўлсагина яхши анимация яратиш мумкин.

Бундан ташқари, анимация асосан болаларга аталади. Бинобарин уларнинг тарбияси, хулқ-атвори, орзу-мақсадлари шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Шундай экан замонавий эртакларни яратиш вақти келди.

Агар кузатадиган бўлсак ҳозир турли халқларнинг машҳур эртаклари замонавий талқинда қайта ишланиб томошабинларга тақдим этиляпти. Биз ҳам “Зумрад ва Қиммат”, “Ур тўқмоқ” ва бошқа эртакларимизнинг замонавий талқинини яратишимиз керак. Аввалги эртаклар ечимида кўпинча қаҳрамонлар кутилмаганда ғойибдан келган бойликка эга бўлишади ёки шоҳнинг қизига уйланиб, мурод-мақсадига етишади. Ёхуд ўз бахтини топиш учун ўзга мамлакатга йўл олишади. Қирқ кечаю қирқ кундуз тўй қилишади... Энди ўзингиз ўйланг, бу мультфильмларни кўриб катта бўлган болалар ҳам, албатта, уларнинг қаҳрамонлари каби бўлишга ҳаракат қилади-да...

Эртакларимиз ўз меҳнати, тўғрироғи ўз ақли билан муваффақиятга эришиш муҳимроқ эканлигини тарғиб қилиши керак. Айрим анъанавий сюжетлар болаларни мўъжизага ишонувчан, ғойибдан келадиган бахтни кутишга мойил қилиб тарбиялайди. Бу реал ҳаётдан йироқ тасаввур. Ҳаётда мўъжизалар учраб туради, аммо ҳақиқий бахтга инсон ўз кучи билан эришади.

Шу ўринда хитой, япон халқ эртакларини мисол келтирган бўлардим. Уларда қаҳрамонлар ўз ақли билан бойликка, бахтга эришади. Агар эртаклар камолотга элтишини эътиборга олсак, миллий анимацияларни томошабинни фаоллик, мустақилликка ундовчи сюжетлар асосида яратишимиз керак.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1