1

Хушнуд Худойбердиев “Нархоз” ректори Ходиевни коррупцияда айблаш нотўғри деганларга жавоб қайтарди

ЖАМИЯТ 06.11.2019, 10:10
Теглар: Нархоз, Баҳодир Ходиев
Хушнуд Худойбердиев “Нархоз” ректори Ходиевни коррупцияда айблаш нотўғри деганларга жавоб қайтарди

Хабарингиз бор, кеча, 5 ноябр куни ТДИУ ректори Баҳодир Ходиев лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берган эдик. Шубҳасиз, шу куннинг ўзида бўлиб ўтган йиғилиш ва Ходиев билан боғлиқ баҳс-мунозаралар тобора авж олди. Ушбу хабарни биринчилардан бўлиб маълум қилган блогер Хушнуд Худойбердиев ушбу муҳокамаларга ўз муносабатини билдирди:

"Ёшлигимизда бир эртак бўларди, хон фармонини эълон қилган жарчини оломон тошбўрон қилади. Шунда соғлом фикрли инсонлардан бири оломонга қарата «ҳой, нега жарчига тош отяпсиз, фармонни хон чиқарган бўлса, унда нима айб?» деса, одамлар бунга жавобан «барибир хонга эътироз билдиришга бирортамизнинг журъатимиз етмайди, ўшанчун кучимиз етганига тош ота қолайлик» деган экан.

Бу – оломон эффекти дейилади. Масала моҳиятини тушуниб етмасдан, дуч келганга тош отиб кетаверадиган оломон...

Кеча ҳам шундай бўлди. Иқтисодиёт университети ректорининг ишдан олиниши билан боғлиқ хабарга университет ходимлари ва талабаларидан асосан қуйидаги мазмундаги эътирозлар келиб тушди: «Университетимизда коррупция урчиган дейишдан олдин, бизга бир келиб, шароитларни кўриб кетинг, кейин гапиринг», «Ходиев яхши инсон, уни коррупцияда айблашга нима ҳаққингиз бор?», «Блогерлар доим билиб-билмай ёзаверади» ва ҳ.к.

Юқоридагиларга умумий қилиб жавоб бераман, тушунган инсонлар ўзи хулоса қилиб олади.

Биринчидан, Иқтисодиёт университетида порахўрлик авж олгани ҳақидаги гапни тўқиб чиқарганим йўқ. 23 августда бўлган селекторда Шавкат Мирзиёев бу ҳақида қуйидаги фикрларни айтиб ўтган эди:

«Мен мутлақо олий таълимдан норозиман... Энг катта порахўрлик қаерда? Юридик, Молия, Иқтисодиёт университетларида...»

Ҳурматли Университет ходимлари ва талабалари, агар журъатингиз етса, марҳамат, энг аввало Президентга эътироз билдиришингиз мумкин. «Аввал сиз университетимизга бир келиб кўринг, кейин гапиринг» дейишга ўзингизда куч топа олсангиз, бемалол эътироз қилаверинг. Агар бунга журъатингиз етмаса, унда шу гапларни халққа етказган блогерларни айблаб юрманг.

Иккинчидан, ТДИУда коррупция ҳолатлари авж олганлиги туфайли ректорнинг ишдан олинганини ҳам ўзимдан-ўзим тўқиб чиқарганим йўқ. Бу гаплар кеча ТДИУ биносида бўлиб ўтган катта мажлисда йирик давлат амалдорлари томонидан айтилди. Уларнинг қўлида бирор факт бўлмаса, гапирмаса керак ҳар ҳолда. Мен эса ўша гапларни каналим орқали жамоатчиликка маълум қилдим холос. 

Агар бу ишни ҳам нотўғри деб билсангиз, унда марҳамат, энг аввало кечаги мажлисга раислик қилган Президент маслаҳатчиларига, Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосарига ҳамда Бош прокурор ўринбосарига эътирозларингизни айтинг. Журъатингиз етса албатта...

Уларга қарата «Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар, бу гапларнинг барчаси ёлғон, билиб-билмай туҳмат қиляпсизлар» дея баралла жар солинг, қойил қоламан. Агар бу қўлингиздан келмаса, унда шу хабарни халққа улашган блогерларни тинч қўйинг, илтимос.

 Учинчидан, каналда эълон қилинган хабарнинг бирорта жойида Б.Ходиевнинг коррупцияга қўл ургани ҳақида гап йўқ (ишонмасангиз, қайта ўқиб чиқинг). Суд ҳукми чиқмасдан туриб, кимнидир порахўр дейиш мумкин эмаслигига жуда яхши ақлимиз етади, Худога шукр. Шунчаки, университетдаги коррупцион ҳолатлар туфайли ректорнинг ишдан олингани айтилди холос.

Масалан, Шавкат Мирзиёев энг катта порахўрлик бор, дея тилга олган Юридик университетда ҳам кўп ўтмай ректор ва ўқув ишлари бўйича проректор ишдан олинди. Аммо ТДЮУ ректори Е.Каньязов адлия тизимида бошқа лавозимга, яъни Интеллектуал мулк агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди (https://t.me/huquqiyaxborot/5443). Шу сабабли Ўзбекистонда "ишдан олинди" дегани, бирор жиддий оқибат келиб чиқади, дегани эмас. Балки эрта-индин Б.Ходиевга ҳам бирор лавозим ишониб топширилар, ким билсин.

Принципим жуда оддий: агар бирор шахснинг айби қонуний йўл билан исботланса, у ким бўлишидан қатъи назар жазосини олсин. Агар бутун халқ орасида миш-мишлар бор бўлсаю, аммо ўша шахснинг айби қонуний йўл билан исботланмаса, унда унинг хайрли ишларида омад ёр бўлсин, оиласининг бошига соғ-омон бўлсин, дейман. Бор гап шу. Барчаси жуда оддий.

Кечаги изоҳларни ўқий туриб, Халқ таълими вазирлиги эълон қилган хабарни каналимда қайта улашганим учун, бир мактабнинг 108 нафар ўқитувчиси вазирлик қолиб, менинг устимдан шикоят қилиб юргани эсимга тушиб кетди...

Шарҳлар

“Нархоз” собиқ проректори қидирувга берилди

05.10.2021, 20:43

Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори Нодир Фозилович Идиев қидирувга берилди.У фирибгарликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.   Унга асосан, Нодир Идиев...
Кеча «Нархоз»даги йиғилишда Президент маслаҳатчиси нималар деган эди?

06.11.2019, 17:48

Кеча Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида олий таълим тизимида коррурцияга қарши курашишга бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтгани ва унда ТДИУ ректори Б.Ходиев ишдан олингани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ,...
"Тозалаш" “Нархоз”дан бошланди. Ректор ишдан олинди

05.11.2019, 12:36

Бугун ТДИУ ректори Баҳодир Ходиев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда darakchi.uz’нинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манбаси хабар қилди.Йиғилиш Президент маслаҳатчилари Шерзод Кудбиев ва...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1