“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг 2014 йилги фаолиятига бағишланган йиғилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маданият ва санъатни кенг ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида байрам ва сайллар, турли маданий-маърифий тадбирларни кўтаринки руҳда ўтказиш борасида катта тажриба тўплангани, ушбу тантаналарда миллий эстрада санъати вакиллари ва ёш иқтидор соҳиблари муносиб иштирок этаётганини таъкидланди.
Ўтган йили юртимизнинг барча ҳудудларида умумхалқ байрамлари, ижодий учрашувлар, концерт дастурлари, халқаро спорт мусобақалари, илмий конференциялар ва турли анжуманларга бағишлаб ташкил этилган маданий тадбирларга таниқли хонандалар ва бадиий жамоалар кенг жалб қилинди. “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали муносабати билан жойларда гала-концертлар уюштирилди.
Бирлашма томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, санъаткорларнинг ижро интизомини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида концерт-томоша фаолияти учун ягона лицензия бланкаси жорий этилиб, мавжуд 8 рейтинг гуруҳи 6 тага қисқартирилди. Лицензия олиш учун мурожаат қилган ижрочиларнинг ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи йиғилишида иштирок этиб, жонли ижрода ўз маҳоратини намойиш қилиш тизими жорий этилди.
Тадбирда ижодий ташкилотнинг 2015 йилдаги вазифалари атрофлича муҳокама қилинди. Миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, “шоир – бастакор – хонанда” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни кашф этишга қаратилган турли кўрик-танловлар ўтказиш, мамлакатимизнинг барча ҳудудида замонавий талабларга жавоб берадиган овоз ёзиш студиялари фаолиятини йўлга қўйиш, ижрочи ва ижодий жамоалар ҳақида маълумотлар, улар томонидан ижро этилган қўшиқлар, шеър матнларини ўз ичига оладиган электрон базани шакллантириш ва уни доимий янгилаб бориш кўзда тутилаётгани қайд этилди.
manba: uza.uz





