“Даракчи” газетасининг ўтган сонида Нукус шаҳрининг дунёдаги энг диққатга сазовор 10 гўшаси номи бўлишига сабабчи бўлган машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейи ҳақида қисқача тўхталиб ўтган эдик. Халқимизда минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деган нақл мавжуд. Биз эшитганларимизга яна бир карра ишонч қилиш мақсадида ушбу масканга саёҳатга бордик.
Дунё эътирофидаги маскан
Жаҳонга машҳур мутахассислар ва йирик оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига қараганда, мазкур музей Марказий Осиё минтақадасиги энг нодир санъат асарларни ўзида жамлаган энг машҳур музейлардан бири саналади. 2001 йилда Буюк Британиянинг машҳур “Гардиан” газетаси уни дунёнинг энг гўзал музейларидан бири сифатида эътироф этганди.
Бугунги кунда музей хазинаси 90 мингдан ортиқ нодир экспонатларни ўз ичига олади. Бу ерда эрамиздан аввалги учинчи асрдан то ҳозирги вақтгача бўлган давр ичида яратилган асарларни учратиш мумкин.
Музей экспонатлари асосан Қадимги Хоразм даври, моддий ва маданий ўзига хос тарихи, урф-одатлари ва қадриятларига эга бўлган қороқалпоқларнинг халқ амалий санъати намуналари, шунингдек, ўзбек, рус, қорақалпоқ рассомларининг сара тасвирий санъат асарларини ўз ичига олади.
Савицкий ким бўлган?
Табиийки, бу савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Ростдан ҳам ҳам Савицкий ким ўзи? Игорь Витальевич Савицкий ўз ҳаётини илм-фанга, санъатга, хусусан қорақалпоқ халқининг тарихи, маданиятини татдиқ этишга бағишлаган фидойи инсон.
У 1915 йилда Киевга туғилган. Болаликдан рассомчиликка қизиққан. Тасвирий санъат йўналишида бир қатор таълим масканларида ўқиган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида касалик сабабли уни фронтга олишмаган. У ўзи ўқиётган Суриков номидаги Рассомчилик институти билан биргаликда Самарқандга кўчирилган.
Шу тариқа у Ўзбекистонга, унинг бой тарихига қизиқиб қолади. Гарчи урушдан кейин у ўз юртига қайтган бўлса-да, кўп ўтмай яна шу юртга аниқроғи Қорақалпоғистонга келади. Аввал Хоразм археологик-этнографик экспедициясида, кейинчалик Ўзбекистон фанлар академиясининг Қорақалпрғистондаги филиалида ишлай бошлади. Ўтган асрнинг 50-йилларида юртимизга келган Игорь Савицкий кейинчалик бир умр шу заминда қолиб кетган. Гарчи у оғир хасталикдан 1984 йилда Москвада вафот этган бўлса-да, ўз васиятига кўра уни шу ерга, Нукусга келтириб дафн этишди.
Беқиёс масканнинг тамал тоши
Савицкий қорақалпоқларнинг йўқолиб кетиш арафасида турган халқ амалий санъатига қизиқиб қолади ва уни ўрганишга, сақлаб қолишга киришади. Халқ орасида юриб, жуда кўп тарихий аҳамиятга эга бўлган заргарлик, уй-рўзғор буюмлари, миллий либосларни тўплайди.
У шу давр ичида тасвирий санъатни ҳам унутмади. Қорақалпоқ элининг тарихий обидалари, табиат манзаралари, халқнинг турмуш тарзини рангтасвир асарларида муҳрлашга уринди. Кейинчалик, 1966 йил февралда у ўзи тўплаган осори атиқалар учун алоҳида музей ташкил қилди. Сўнг бутун эътиборини ушбу музей хазинасини бойитишга қаратди.
Маълумки, собиқ тузум даврида адабиёт ва санъат асосан социалистик реализм йўналишида ривожланган Бошқа йўналишлар қаттиқ таъқиб остига олинган. Тасвирий санъатдаги авангард йўналиши ҳам шўро мафкурачиларининг таъқибига учраганди. Бу йўналишдаги асарлар йўқолиб кетиш арафасида эди. Савицкий бутун иттифоқ бўйлаб қилган сафарлари чоғида ана шундай йўналишдаги асарларни тўплади ва Нукусга, ўз музейига жамлади.
У 1984 йилда ўлимидан сал аввалроқ икки вагон ана шундай санъат асарларини Нукусга, ўз музейига юборади. Бугун рус авангард рассомлари асалари сони бўйича Савицкий музейи машҳур Санкт-Петербург музейидан кейинги ўринда туради.
Савицкийнинг вафотидан сўнг ушбу музейга унинг номи берилди. Собиқ тузум йилларида бу музей минглаб тасвирий санъат асарларининг сақлаб қолиниши учун мустҳкам бошпана вазифасини ўтади. Чунки у пайтда Москва, Тошкент сингари марказий шаҳарларда бундай йирик музей очишга йўл қўйилмасди. Нисбатан четда, саҳро бағридан ўрин олган бу маскан чиндан-да, бебаҳо асарларга иккинчи ҳёт бағшлади
Истиқлол йилларида ушбу санъат масканига ҳам, унинг асосчиси фаолиятига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. 2002 йилда Игорь Савицкий вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
2003 йилда эса Юртбшимизнинг ташаббуси билан Нукус шаҳри марказида музейнинг янги, замонивий биноси қад ростлади. Янги бинонинг тантанали очилиш маросимида Юртбошимиз шахсан иштирок этиб, музейнинг эсдаликлар китобида ўзининг самимий тилакларини битиб қолдирди: “Қорақалпоқ халқи бу бетакрор музей билан ҳақли равишда фахрланади!”.
Минг бор эшитгандан...
Музейнинг ташқи кўриниши чиндан-да, ҳар қандай меҳмоннинг диққатини ўзига тортади. Бу бино Нукус шаҳрининг ташриф қоғозига айланган десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда музей яқинида яна иккита қўшимча бино – кўргазмалар зали ва экспонатлар фонди қурилмоқда. Музей ходимларининг айтишича, бу бинолар жорий йилда фойдаланишга топширилади.
Уч қаватдан иборат музей биносига киришингиз билан ўзингизни ўзга бир оламга тушиб қолгандек ҳис этасиз.
Биринчи қаватдан музей маъмурияти, мажлислар зали, ҳунармандчилик устахонаси ўрин олган. Устахонада қўли гул ҳунармандлар томонидан миллий қорақалпоқ гиламлари ва либослари тайёрланади.
Иккинчи қаватдан Оролбўйи халқлари тарихига оид кўплаб экспонатлар ўрин олган. Бизга ҳамроҳлик қилган музей бўлим бошлиғи Меригул Ерекееванинг айтишича, бу ерда ҳозирча музей фондидаги экспонатларнинг 2-3 фоизигина ўрин олган.
Музей залларидан ўрин олган тарихий буюмлар, миллий либослар, тақинчоқлар, от абзаллари ва бошқа нодир ёдгорликлар чиндан ҳам қорақалпоқ халқининг беқиёс маданиятга эга эканидан дарак беради.
Меригул бизни музей залида ўрнатилган миллий услубда ишланган қорақалпоқ ўтовига олиб кирди.
Доира шаклида ўтов анчагина кенг. Унинг ичида бир оиланинг ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар муҳайё.
— Қорақалпоқларда ўтовни асосан аёллар тикишган. Фақат унинг “қовурғаларини” тиклаш, томини ёпишда эркаклар ёрдам беришган, — дейди Меригул. – Ўтовнинг ярми эркаклар, қолган ярми эса, аёллар ва болалар учун ажратилган. Овқат пишириш учун ўтовнинг аёллар қисмида ўчоқ қурилган. Меҳмонлар ёки оиланинг ёши улуғ кишилари ўтовнинг тўрида – яъни эшикнинг тўғрисида ўтқазилган.
Ўтовдан ўрин олган уй-рўзғор буюмлари, деворга қантарилган чолғу асбоблари, кийим-кечаклар кишида антиқа таассурот уйғотади. Ўтов деворидаги қорақалпоқ миллий нақшлари, тепа қисмида том вазифасини ўтовнинг тепа қисмидаги чамбарак – шанарақнинг конуссимон шаклга эгалиги билан бошқа халқларнинг ўтовларидан ажралиб туради.
Бўёқларга кўчган туйғулар
И.Савицкий томонидан тўпланган ва кейинчалик музейга олиб келинган тасврий санъат асарларининг бир қисми музейнинг учинчи қаватидан ўрин олган. Бу ерда И.Савицкийнинг ўзи учун ажратилган махсус экспозиция ҳам мавжуд. Бу ерда машҳур олим ва мусаввирнинг ижодига мансуб асарлар билан бирга унинг шахсий буюмлари, паспорт ва ҳарбий гувоҳномаси жой олган.
Шунингдек, музей залларидан қорақалпоқ, ўзбек ва рус рассомларининг бебаҳо асарлари жой олган. Бу ердаги ҳар бир санът асарини бебаҳо дейиш мумкин. Уларнинг аксарияти дунёнинг турли бурчакларида намойиш этилган, кўплаб мухлису мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлган.
Ў.Тансиқбоев, А.Николаев, Д.Рўзиметов, Б.Серикеев, Ж.Изинтаев, Қ.Қаипов сингари рассомлар ижодига мансуб сувратлар, ҳайкаллар томошабинни бефарқо қолдирмайди.
— Ушбу санъат асарини музейдаги энг нодир экспонатлардан бири дейтишимиз мумкин – дейди Меригул алоҳида иҳотага олинган, Василий Лисенко мўйқаламига мансуб “Ҳўкиз” сурати олдида тўхтаркан. – Бу сурат музейимизнинг тимсоли десак ҳам бўлади. 1929 йилда яратилган бу асар йиллар давомида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган. Санъатшунослар бу суратдаги рамзларни турлича талқин этишган, ҳатто ўша давр мафкурасига зид деб ҳисоблашган.
Биз бу гўзал санъат кошонасини сайр қиларканмиз, беихтиёр қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди. Музейни тарк этарканмиз, бу ерга яна қачондир албатта қайтишни дилимизга тугдик..
Рустам Жабборов,
Тошкент—Нукус-Тошкент