1

"Ўзбеккино" бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ёш киноижодкорларга мурожаати

МАДАНИЯТ 14.11.2019, 17:31
"Ўзбеккино" бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ёш киноижодкорларга мурожаати

Яқинда “Миллий кино ва ёш ижодкорлар” мавзусидаги ижодий анжуманда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ёш киноижодкорларга мурожаат қилди. Мурожаатни тўлиқ ҳолда келтирамиз:

"Ассалому алайкум ҳурматли киноижодкорлар!  

Барчангизга маълумки, муҳтарам Президентимиз томонидан бугунги кунда кино соҳасига жуда катта эътибор қаратилиб, ҳар томонлама кенг имкониятлар яратилиб берилмоқда. Бу эса биз киноижодкорларнинг зиммасига жуда катта масъулиятни юклаган ҳолда, ўзимизга бўлган ишончни ҳам кучайтиради. Мамлакатимиз раҳбари томонидан берилаётган бундай эътибор ва ишончни оқлаш Сиз ва бизнинг асосий вазифамиздир.  

Аввало, кинематография соҳасида фаолият олиб бораётган кекса авлод вакилларига, устозларга эҳтиром изҳор этган ҳолда, “Устоз-шогирд” анъаналарига биноан ёш киноижодкорларга ўз тажрибаларини етказишларини, уларга яратилаётган имкониятлар учун кенг йўл очиб берилаётганини эътироф этишларини истардим.  

Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлигида  ўтказилган “Миллий кино ва ёш ижодкорлар” мавзусидаги ижодий анжуман ҳам ўйлайманки, ёшларимиз учун айни муддао бўлди. Уларга бу тадбир “очиқ микрофон” бўлиб хизмат қилганига шубҳа йўқ. Ёш киноижодкорлар ўзларини қийнаётган муаммолар, таклифлар ва мулоҳазалар бўйича барча фикрларини баён этишди. Биз албатта ёшларимизнинг таклифларини ва муаммоларини тўғри англаган ҳолда, ҳар тарафлама ёрдам беришга, уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз!  

Агар биз уларни янада кўпроқ  қўллаб-қувватласак, муаммоларини ўргансак ва ҳал қилишда ёрдам берсак, уларни бирлаштирсак, истеъдодларини намоён этишлари учун имкониятлар яратсак, ёшларимиз ҳам эртага миллий киномизни жаҳон экранларига олиб чиқишлари учун замин яратган бўламиз.  

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1-5 октябрь кунлари Россиянинг Москва ва Қозон шаҳарларида “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтди. Мамлакатимиз учун бўлғуси кино соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш масаласи муҳимлигини яхши англаган ҳолда, Ўзбекистон делегацияси таркибига бир гуруҳ иқтидорли ёшлар ҳам киритилди. Улар учун ВГИК, Мосфильмга ташрифлардан ташқари Россия кино санъати намоёндалари, таниқли киноижодкорлар иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар ўтказишга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  24 июлдаги       3880-сон қарорига биноан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли битирувчиларини ҳамда «Кинорежиссура ва кинодраматургия» йўналишлари бўйича дастлабки саралашдан ўтган бакалавр даражасига эга миллий кинематография соҳасининг мутахассисларини С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия кинематография давлат институти (БКДИ) қошидаги «Кино ва телевидение» олий курсларига ўқишга юбориш бўйича таклифлар маъқулланиб номзодларни саралаш ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда бўлиб ўтадиган “DijiCon 6 ASIA” кинофестивалида иштирок этадиган мамлакатимиз делегацияси таркибига бир гуруҳ ёш ва истеъдодли кинорежиссёрларнинг киритилиши ҳам бежиз эмас. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, ушбу нуфузли фестивалда мамлакатимиз киноижодкорлари илк бор иштирок этишмоқда. Бундан ташқари, Агентлик буюртмасига биноан бир гуруҳ талабаларга диплом ишларини давлат маблағлари эвазига суратга олиш учун шароит яратиб берилди.

Сизларга яна бир гапни янгилик сифатида айтиб ўтишни истардим. Халқаро миқёсда эришилаётган келишувлар натижасида Ҳиндистоннинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида ўзбекистонлик 15 нафар ёш киноижодкор Ҳиндистонда кино соҳасида малака оширишлари мумкин бўлади. Бу ҳам ёшларимиз учун жаҳон тажрибаси билан ўртоқлашишга бир имкониятдир.

Азиз ёш киноижодкорлар! Кўриб турганингиздек, Сизлар учун барча имкониятлар эшиги очиқ! Бунинг учун сизлардан фақатгина ўқиш, интилиш, ҳаракат зарур бўлади. Сизларга ўзим ва мана шу ерда ўтирган барча киноижодкорлар номидан ижодий парвоз тилайман ва халқаро кинофестивалларнинг доимий ғолиби бўлиб, Ўзбекистон нуфузини халқаро майдонда янада  кўтаришда ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшишингизга тилакдошман!

Фирдавс Абдухолиқов,

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги Бош директори

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1