Бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.
Ушбу устувор вазифанинг муҳимлигидан келиб чиқиб, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда. Ўтказилган тадбирларда ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланиши ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч эканлигини тушунтириб берилмоқда. Шунингдек, ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, маҳаллаларда соғлом муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда ўз Ватанининг равнақи йўлида ёшлар масъулияти амалий мисоллар орқали тушунтирилмоқда.
– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан коллеж ўқувчилари билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир биз учун катта сабоқ бўлди, – деди Фарғона вилояти Риштон туманидаги тиббиёт коллежининг 3-босқич ўқувчиси Ҳуснида Неъматова. – Тадбирда юртимизда биз ёшларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш, тинчликни қадрига етишимиз, ушбу бебаҳо неъматни сақлашда нима ишлар қилишимиз лозимлиги тўғрисида аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шунингдек, “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусида ўтказилган викторина биз ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, унда берилган саволлар қизиқарли бўлди.
– Пойтахтимиздан келган мутахассислар томонидан коллежимизда ўтказилган тадбир тенгдошларим қатори, менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди Тошкент вилояти Пискент туманидаги агросаноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Мансуба Зухурова. – Юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиши, уни асраб-авайлашга ҳисса қўшишда ҳар бир кишининг масъулияти, бурчи ҳақида тушунчалар берилди ҳамда ўтказилган викторина орқали биз ўзимизга тегишли маълумотларни олдик. Айниқса, “Сиз ватанпарварлик, адолатпарварлик, ҳалоллик, одиллик, садоқатни қандай тушунасиз?” деган саволга ўқувчиларнинг турли ёндашувлари билан баҳсга айланиб кетди. Бу тадбирни ташкил этган Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдириб қоламиз.
– Биз дунё ҳавас қилаётган, тобора ривожланиб, йилдан-йилга обод бўлаётган мустақил Ватанимизда соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқдамиз, – дейди Фарғона вилояти Боғдод тумани педагогика касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Санобар Отажонова. – Айниқса, ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, ғамхўрликларга ўз ютуқларимиз, халқимизга садоқатимиз, тинимсиз изланиш ва меҳнатимиз билан жавоб беришимиз, ишончни оқлашимиз шарт. Ушбу тадбир тенгдошларимизда Ватанимиз равнақи учун масъуллик ҳиссини янада оширди.Бугунги куннинг ҳар бир дақиқаси биз учун жуда қадрли. Зеро, ўз устимизда ўқиб-ўрганишимиз эртанги кунимизни белгилаб беради.
“Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт коллежида, Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 8-сонли, Бектемир туманидаги 290-сонли умумтаълим мактабларида ва Ички ишлар вазирлигига қарашли 1-сонли академик лицейbда ҳам ўтказилди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, семинар-тренинглар, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати