АсосийShou-biznes

"Опа-сингиллар" сериали бош қаҳрамони Расулхон Қодирхонов: “Мен шуҳратга учмадим, лекин...”

Бугун истеъдодли ёшларимиз учун барча имкониятлар эшиклари очиқлиги сир эмас. Улардан эса фақат изланиш ва меҳнат талаб этилади. Меҳнатдан қочмай, ўз устида тинимсиз ҳаракат қилаётган ва натижада эътиборга тушаётган ёшлардан бири Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театрининг актёри Расулхон Қодирхоновдир. Бугун уни кўпчилик танийди ва кўнглидагиларни билишни истайди.

– Расулхон, мана, ҳозир томошабинларнинг эътиборидасиз. Шу боис сиз билан суҳбат уюштиришимизни сўраб, кўплаб мурожаатлар бўлди. Лекин қачон сиз билан боғлансам, доим бандсиз. Балки бу юлдузлик касали билан ҳам боғлиқ важдир деб ўйладим. Сир бўлмаса, қандай ишлар билан машғулсиз?

– Аввало, театрда фаолият юритаётганим боис, унинг масъулиятини ҳамиша ҳис қилиб тураман ва асосий вақтимни унга бағишлайман. Ундан ташқари, турли давлат тадбирларида фаол қатнашиб келяпман. Сиз мурожаат қилган пайтларингизда эса асосан, вилоятларимиз бўйлаб театр жамоамизнинг ижодий сафарларида банд эдим. Юлдузлик касалига келсак, мен унга чалинмадим, шунчаки томошабиннинг назарга тушяпман, холос. Бундан ташқари, хонандалик фаолиятимни давом эттириш учун овоз ёзиш студияларида янги қўшиқларимни ёзяпман. Халқимиз тўй, шодиёнани севади ва бу азиз кунида ўзи истаган ижодкорларни хизматга чақиради. Жумладан, мен ҳам халқимизнинг яхши кунларида бошловчи ва хонанда сифатида хизмат қилиб келяпман. Бу ишларнинг барчаси масъулиятли, уларни “ўртамиёна” қилиб бажармасдан, аъло даражада уддалашга ҳаракат қиламан.

– Ҳақиқатан ишларингиз жуда кўп экан. Лекин бунча юмушни бирваракайига зиммангизга олиш сизни саҳнадан узоқлаштириб қўймаяптими? Ахир саҳна актёрдан фидойилик, садоқатни талаб этади.

– Менинг барча ишларим саҳна билан боғлиқ. Қаерда, қайси вазифамни адо этишимдан қатъи назар, саҳнага чиқаман, демак, ундан узоқлашмаяпман. Ҳозирча ҳаммасини қўлимдан келганча уддалашга ҳаракат қиляпман. Бироқ барибир кун келиб, биттасини танлашим ва унга бор меҳрим, эътиборимни қаратишим кераклигини жуда яхши биламан. Катта мақсадли ижодкор, барибир якунида биттасини маҳкам ушлаб, унга ўзини бахшида қилади. Чунки ҳаммаси бирваракайига олиб борилса, кутилган катта натижаларга эришолмаслигим мумкин. Мана, ҳозирдан барчасига бирдек улгуриш менга оғирлик қиляпти. Санъаткор сифатида ўртамиёна бўлиб қолиш ниятим йўқ. Бу қарор саҳна билан боғлиқ бўладими ёки бошқа йўналишми, вақт кўрсатади.
– Аслида, барча ишларга улгуришга ҳаракат қилиб, биттасида ярқ этган натижани кўрсата олмаяпсиз-ку! Шунинг ўзиёқ сизни ўртамиёна қилиб қўймаяптими? Югурик вақт сизни ўзингиз истамаган ўртамиёна бўлишга мажбур қилиб қўйиши мумкин.

– Мен ўзимга танқидий назар билан қарайман. Агар бирор ишимни уддалай олмай, унда оқсаш бошланса, бу ишимдан воз кечаман. Ҳозир эса ҳаммасини яхши бажараётгандирманки, халқимиз томонидан хизматимга талаб бор. Шунинг учун ҳам “ҳаммасига улгуряпман” деган фикрда юрибман. Анчадан бери ботинимда ички кураш кетяпти. Қайси ишимни тўхтатиб, қай бирини кучайтиришим, ўз мақсадим йўлига айлантиришим керак, деб тинмай ўйлаяпман. Лекин очиқ айтаман, қўшиқ айтиш – хонандалик менда барча қизиқишларимдан кўра кучлироқ. Айнан мусиқали драма театрида фаолият юритаётганимнинг сабаби ҳам қўшиқ айтишга бўлган қизиқишимдир. Қўшиқ айтиш учун яхши натижаларга эришган, назарга тушган барча соҳамдан воз кечишим мумкин. Хонандалик қилиб дунё саҳналарига чиқиш истагим бор. Балки бу гаплар баландпарвоз бўлиб туюлаётгандир, лекин хонандалик фаолиятим билан боғлиқ орзу, ҳавасларимнинг чеки йўқ ва уларни амалга ошириш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан.

– Ҳатто актёрликни ҳам ташлайсизми?

– Агар мендан актёрлик ва хонандаликдан бирини танлаш талаб қилинса, ҳеч иккиланмай, иккинчисини танлайман. Чунки ўзимга кўп савол берганман: қайси ишимсиз туролмайман, яшолмайман? Охир-оқибат, амин бўлганим: фақат хонандаликкина барча истакларимдан устун ва усиз яшолмас эканман! Ойлаб актёрлик қилмаслигим, тўй хизматлари, телевидениеда бошловчилик қилмаслигим мумкин, лекин қўшиқ айтмасдан, гўзал тарона тингламасдан бир кун ҳам яшолмайман! Шунинг учун соатлаб мумтоз қўшиқларимизни тинглаб, ўзимга куч-қувват йиғаман. Қўшиқ айтишдан ҳеч қачон зерикмайман ва жонимга тегмайди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, қўшиқчилик – менинг тақдирим!

– Ёши улуғ санъаткорларимиздан бири “Бугунги айрим ёшларда ўз касбига муҳаббатдан кўра, ундан моддий манфаатдор бўлиш, фойда кўриш истаги кучли. Шуҳратга интилиш, моддий манфаатдорликни деб, ҳатто севимли касбидан ҳам воз кечаётган ёшлар талайгина. Шу боис ҳам уларнинг истеъдоди чархланмасдан, борган сари саёзлашиб, ҳаминқадар бўлиб қолади”, деганди. Сиз ҳам бир неча соҳани бирдек уддалашга уриниб, аслида моддий манфаатдорликни асосий мақсад қилиб қўймаяпсизми?

– Пул барчага, айниқса ижодкорга керак. Сабаби, яхши ижод қилишингиз ва уни оммага етказиш учун ҳам ўзингизга етарли маблағингиз бўлиши шарт. Шунингдек, яхши шароитда яшаётган санъаткор кучли, бақувват бўлса, томошабин олдида ҳам шу тарзда намоён бўлади. Менимча, томошабин ночор, эзилган қиёфадаги ижодкорни кўришни истамайди. Ўзи қийналиб, моддий ташвишларига кўмилиб турган ижодкор томошабинга истеъдодини тўлақонли кўрсатиб бера олмайди.
Яширмайман, ҳозирча моддий имкониятларим ўзимга етарли ва янада яхши бўлишига ҳаракат қиламан. Сабаби, кўзлаган мақсадларим, орзуларим бор, уларни амалга оширишим учун албатта, моддий томонлама бақувват бўлишим керак.
Мен шуҳратга интилмайман! Ваҳоланки, бундай имкониятни яратиб берадиган таклифлар бўлган ва уларни рад этганман. Чунки мен кимнингдир ёрдамида шон-шуҳратга эришишим мумкин, лекин эвазига ўз меҳнатим ва севимли ишларимдан воз кечишим керак эди. Мен бу йўлни танламадим. Ўз меҳнатим орқали чиқиш ва қўшиқчи бўлиш орзумни ушлаб қолишни афзал билдим.
Санъаткорни одамлар ҳурмат қилади, уларни ўзгача тасаввур этади. Шу нуқтаи назардан ҳам санъаткор одамлар билан жамоат транспортида ўртаҳол бўлиб юриши керак эмас, деб ўйлайман. У бироз сирли ва бошқалардан ажралиб туриши керак ва бунинг учун моддий таъминланган бўлиши шарт! Мен данғиллама ҳовли-жойим, қимматбаҳо машинам бўлсин, демоқчи эмасман! Ўзимни ўзим таъминлай оладиган моддий имкониятларга эга бўлсам ва хотиржам ижод қилсам дейман.

– Кечирасиз-у, агар санъаткор одамлардан фарқ қилиб, улардан бир поғона юқорида юрса, халқдан ажралиб қолмайдими? Балки бугун бўлар-бўлмас қўшиқларни айтиб чиқаётган хонандалар кўпайиб кетгани ва улар ўзини юқори олгани учун ҳам санъатда инқироз даври кузатилаётгандир? Тўғри, авваллари санъаткорларни халқ ҳурмат қилиб эъзозлаган. Лекин бу эъзоз ва ҳурмат унинг санъати ва камтаринлиги эвазига берилган. Бугун эса битта қўшиқ айтиб, хонандалар “юлдуз” бўлиб қоляпти, оёғи ердан узиляпти. Сизниям мана шундай “юлдузлар” қаторига қўшиб қўйишлари мумкин...

– Ҳа, “юлдуз” бўлишни орзу қилиб қўшиқ айтаётган хонандалар кўп ва бугун томошабиннинг норозилиги ҳам айнан улар ижросидаги савиясиз қўшиқларнинг кўпайиб кетаётганида. Лекин ишонч билан айтишим мумкинки, барча соҳада бўлгани каби қўшиқчиликдаям ривожланиш ва сараланиш даври кечмоқда. Бугун шундай, лекин бу эртагаям давом этади, деёлмайман. Вақти келиб, ғалвир сувдан кўтарилади ва ким ҳақиқий ижрочи-ю, ким ҳаваскор – ажралиб қолади. Бугун сизнинг назарингизда ўта зўр ижод қилмаётгандирман, хит қўшиқлар яратмаётгандирман. Лекин изланиш, ҳаракатдаман. Вақти келиб, ғалвир сувдан кўтарилганида саралар қаторида қолишни истайман!

– Эҳтимол, вақти келиб, сараланиш содир бўлар. Лекин биз ва мухлис бугун яшаяпмиз. Бугун эшитишимиз керак бўлган яхши қўшиқ эса яратиляпти. Бунинг учун сараланиш даврини кутиб ўтириш шарт эмас. Сиз театрда яхши ижрочисиз, кинода нигоҳларингиз билан сўзлайдиган актёрсиз. Хонандалар кўп, лекин томошабиннинг меҳрини қозона оладиган яхши актёрлар кам. Яхши хонанда бўлишдан кўра, яхши актёр бўлиш қийин ва буни томошабин жуда яхши фарқлайди. Балки сиз қўшиқчиликка ҳавасингиз туфайли актёрликда эришмоқчи бўлган имкониятларингизни кўрмаётгандирсиз?

– Мен ҳозир ҳам актёрлик қиляпман. Лекин одам чин дилдан истаган ва юраги буюрган ишни бажариши керак. Хонандаликни юрагим буюради ва шунинг учун ҳам ундан воз кечолмайман!

– Айрим актёрлар театрда йиллаб роль берилмаслигидан нолишади. Тўғри, 15 – 20 йиллаб бу даргоҳда ишлаб, унинг саҳнасини “ялаган” актёр роль берилмаса, ундан кетолмаслиги мумкин, лекин ёшлар тез қарор чиқариши шубҳасиз. Сизгаям, йиллар мобайнида роль беришмаса, севимли театрингизни ташлаб кетасизми?

– Йўқ, мен ҳеч қачон бундай баҳона билан театрдан кетмайман! Театрда олти-етти нафар режиссёр бўлса, уларнинг севимли актёрлари бўлиши мумкин. Лекин бу истеъдодли ва меҳнаткаш актёр назардан четда қолади, дегани эмас. Ўша режиссёрлар ҳам асари томошабоп бўлишини истайди ва, табиийки, бунинг учун яхши актёрга мурожаат қилади. Мен бундай важ билан нолийдиган актёрларни дангаса дейман. Агар менгаям роль бермай қўйишса, ўзимнинг нималарга қодирлигимни исботлаш учун янада кўпроқ меҳнат қиламан. Режиссёрнинг ишончини қозониш учун, нолишни эмас, меҳнатни афзал биламан!

– Нима бўлгандаям хонанда танилиш ва мухлис орттиришни истайди. Бугун қўшиқ айтаётган ёшлар тезроқ танилиш учун бор имкониятларини ишга солишяпти. Ҳатто таниқли хонандага шогирд тушиб, унинг соясида чиқишни уддалаётган хонандачалар бор. Балки сиз ҳам таниқли санъаткорга шогирд тушиб, этагидан тутиб, тезроқ мақсадларингизга етарсиз?

– Бундай имкониятлар бўлган, лекин феъл-атворимдаги бир қусур туфайли улардан воз кечганман. Бу қусур – бировга ялтоқланишни истамаслигимдир. Шу боис бу йўлни танламадим. Бировнинг кўзига яхши кўриниш учун ялтоқланиб, хушомад қилиб танилишнинг менга кераги йўқ.
Консерваторияда вокалдан устозим Шерзод Пирматовдан кўп билим ўргандим ва ҳанузгача ўрганмоқдаман. Мазмунли тароналар ижро этган барча устоз санъаткорларни ғойибона устозларим деб биламан ва уларнинг қўшиқларини имкон қадар ижро этаман. Бир устозим “Ўз устингда кўп ишла” деганди. Шу ўгитни қулоғимга қуйиб, фақат ўз устимда ишлаяпман. Балки ҳали яна бошқа устозларга мурожаат қилиб, билимимни чуқурлаштиришимга тўғри келар, мен бунга тайёрман! Лекин мақсадим – фақат таълим олиш, унинг соясида танилиш эмас!

– ТВдаги бошловчилигингиз истеъдодингизнинг янги қиррасини намойиш этишми ёки бир касбингизми?

– Телевидениедагилар менга телесериалдан кейин бошловчиликни таклиф этишди. Уларга иш режаларим, бўш вақтимни айтдим. Рози бўлишди ва шундан кейин бошловчилик фаолиятим бошланди. Кўзлаган мақсадим шу касбни танлаш эмас, шунчаки ҳурматли кишиларнинг илтимосини бажардим. Буям мен учун ўзига хос реклама эканлигиниям яширмайман! Ижодий ишларимга халақит бермаяпти, ортиқча вақтимни олмаяпти. Демак, бошловчиликни рад этишга айтарли важим йўқ. Фурсати келиб, унга вақт ажрата олмай қолсам, ўз-ўзидан рад этишим мумкин.

– “Опа-сингиллар” телесериали тез ва кенг қамровли томошабин аудиториясини ўзига жалб эта олди. Сизниям кўча-кўйда Икром дейишаётгандир...

– Тўғри, қаерга ижодий сафарга борсак, мени Икром дейишяпти. Шунингдек, телесериалдаги бошқа ижодкорларни ҳам фильмдаги исмлари билан чақиришяпти. Бу – сериал томошабиннинг меҳрини қозонганидан бўлса керак. Ижодий учрашувларда “Опа-сингиллар” тўғрисида кўплаб саволлар беришганидан биламанки, режиссёр Замира Бегимқулова ва актёрларнинг меҳнатлари бесамар кетмабди, у одамларни ҳақиқатан ҳам қизиқтира олибди.

– Эшитишимча, Икром ва Насиба бугуннинг Отабек ва Кумуши бўлиши керак экан. Лекин сериалда Икром — журъатсиз, ўзига ва туйғуларига ишонмайдиган, бўш йигит сифатида гавдаланган. Наҳотки, бугуннинг Отабеги ана шундай журъатсиз бўлса?

– Кечирасиз-у, биз талабалигимизда “Ўткан кунлар”даги Отабекни кўп муҳокама қилганмиз. Тўғри, Отабек кинода барваста, кўркам йигит бўлиб кўрингандир. Лекин аслида, унинг характеридаги журъатсизлик, иккиланиш муҳаббатининг фожиали якунланишига сабаб бўлмаганми? Агар Отабек ўз вақтида муҳаббатини ҳимоя қилиб, Кумушни деганида ва ота-онасига буни тушунтира олганида балки севганининг фожиали ўлимини кўрмасмиди? Менимча, Отабек ҳам шундай йигит бўлган ва кейинчалик муҳаббати учун курашда ўзига куч топган.
“Опа-сингиллар”га келсак, у ҳали тугагани йўқ ва Икром ҳам фурсати етиб, Отабек каби журъатли бўлар. Лекин мен Икром бугуннинг Отабеги эканидан хабарим йўқ эди. Агар томошабин Икромни сиз айтаётгандек ўта журъатсиз деб қабул қилган бўлса, бу — режиссёрнинг талаби. Балки ижрода менинг ҳам озгина хатоларим бордир. Бироқ томошабин барибир Икромни яхши кўряпти, буни ижодий учрашувларда сезяпман.

Лайло суҳбатлашди.

“Ҳуқуқ оламида” газетасидан

    Бошқа янгиликлар