Озарбайжонда "Ўзбекистон киноси кунлари" доирасида режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг "Исломхўжа" тарихий бадиий фильми тақдимоти бўлиб ўтди, дея хабар берди "Ўзбеккино".
"Биз ўзбек халқи билан дўст-биродармиз. Тарихимиз илдизлари ўзаро бир-бири билан боғланган. Унинг саҳифаларида ном қолдирган шахслар умумий тарихимизга даҳлдордир. Шу билан бирга маданиятларимиз ўхшашлиги билан ҳам яқинмиз. Менга ўзбек режиссёри Жаҳонгир Аҳмедовнинг "Исломхўжа" тарихий-бадиий фильми жуда ёқди. Нафақат менга, балки озарбайжон халқига ёқди десам адашмайман. Боку шаҳридаги Низомий кинотеатрида ўтган тақдимот бизга ўзгача кайфият бағишлади. Режиссёр Ж. Аҳмедов томонидан жуда катта иш қилинган. Акёрларнинг костюмларидан, гриммларидан тортиб, режиссёрнинг тарихни мураккаб жиҳатларини пухта ўрганганлиги кўриниб турибди. Тарихий даврни акс эттирган фильмларни суратга олишга кўпчилик қийналади. Аммо бу фильм муваффақиятли чиққан", –дейди Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги кинематография бўлими бошлиғи Жаҳонгир Мамедов.
Кино кунлари давомида озарбайжонлик киномухлисларга Абдухалил Мигноровнинг "Абу Исо Муҳаммад Термизий", Умид Ҳамдамовнинг "Иссиқ нон", Зулфиқор Мусоқовнинг "Берлин-Оққўрғон", Шуҳрат Маҳмудовнинг "Рақс жозибаси", Дониёр Шокировнинг "Ҳунармандлар ўлкаси" каби ҳужжатли фильмлари ҳам тақдим қилинди. "Ўзбекистон киноси кунлари" ҳафталигида жами 10 та (6 та бадиий, 4 та ҳужжатли) ўзбек фильми намойиш этилиши кўзад тутилган.
Озарбайжонда "Ўзбекистон киноси кунлари" 24 ноябргача давом этади.