АсосийJamiyat

Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги эълон қилинди

'Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги эълон қилинди'ning rasmi

Жойларда куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган нохуш холатларни олдини олиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 20 ноябрь - 20 декабрь кунлари республикада «Куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги» ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларга мурожаат қилди:

"Ҳурматли фуқаролар, маълумки қиш мавсумида ҳаво ҳароратини кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи махсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ошиб боради.

Бу эса ўз навбатида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларини бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан захарланиб қолиш эҳтимолини ошишига олиб келиши мумкин.

Мисол учун: Сиз дам олаётган ёки тунаб қолган хонада йиғилган ис гази миқдори атиги 0,1% ни ташкил этган тақдирда, ундай хаводан 30 минут давомида нафас олиш инсонни ўлимга олиб келиши мумкин.

Куз-қиш мавсумида консерваланган озиқ-овқат махсулотлари, айниқса уй шароитида тайёрланган сабзавотлар консерваларини истеъмоли ортиши табиий хол.

Лекин, шуни унутмаслик керакки, уй шароитида тайёрланган консерва махсулоти таркибида энг кучли овқатдан заҳарланишни келтириб чиқарувчи ботулизм касаллигини қўзғатувчиси бўлиши эҳтимоли жуда хам юқори бўлиб, заҳарланганларга қисқа фурсат ичида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаганда, 75-85% холатларда заҳарланиш инсоннинг ўлимига олиб келади.

Мисол учун: ботулизм касаллигини чақирувчи ботулотоксин кобра илони заҳридан 20 000 баробар кучли хисобланади."

Вазирлик барчани мазкур ойликда фаол иштирок этишга хамда ўзи ва яқинларининг хаёти ва саломатлигини асраб қолиш учун қуйидаги оддий қоидалар ва тавсияларга амал қилишини сўрайди:

Ис газидан заҳарланмаслик учун:

иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини текшириб чиқинг;

носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишига асло йўл қўйманг;

болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;

табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўргичлардан фойдаланманг;

чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина фойдаланинг;

Агар хонага табиий газнинг тўлиб қолганлигини сезиб қолсангиз !

газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;

дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;

хонада электр жихозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;

агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз, 104 телефони орқали шаҳар ва туман газлаштириш идоралари авария таъмирлаш гуруҳларига қўнғироқ қилинг.

Сифатсиз консерваланган маҳсулотлардан заҳарланишни олдини олиш мақсадида:

уй шароитида помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини тайёрламанг;

белгиланмаган жойлар, кўча-куйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилманг;

уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини, айниқса помидор ва бодиринг маринадларини истеъмол қилишдан чегараланинг, акс холда консерваланган сабзавотлар маҳсулотлари суюқлигининг тиниқлиги ва мусаффолигига, сабзавотларнинг эзилиб қолмаганлиги, қопқоғини шишиб (бўртиб) чиқмаганлигига хамда эскириб қолмаганлигига алоҳида эътибор қаратинг;

агарда ўзингизда ботулизм касаллиги аломатлари (ҳолсизланиш, кўнгли айниши, қайд қилиш, оғиз қуриши, кўришнинг хиралашиши, буюмларни иккита бўлиб кўриниши, кўз қовоғининг осилиши, овоз бўғилиши)ни сезсангиз, дархол юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилинг.

Азиз фуқаролар юқоридаги қоидаларига риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни Фавқулодда вазиятлардан ва нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз.

 

    Бошқа янгиликлар