Бугун интернетда Самарқандлик ўқитувчи 15 киши томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. darakchi.uz воқеага аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура билан боғланди. Ҳолат тезкор ўрганилиб, Бош прокуратура Матбуот хизмати томонидан darakchi.uzга тақдим этилди.
Аниқланишича, 2019 йил 20 ноябрь куни соат таҳминан 03.40ларда Самарқанд шаҳар Беруний кўчасида 1990 йилда туғилган фуқаро Джурабек М. (ишчи) шериклари 1994 йилда туғилган Дониёр С. (судланган, ҳайдовчи) ва 1997 йилда туғилган Мухаммад К. (судланган, ишчи)лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, шаҳардаги 42-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси Иззатило М. билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб қолган.
Зўравонлар жанжал вақтида қўл ва оёқлари билан ўқитувчининг бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказишган. Натижада Иззатило М. шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг маълумотига кўра, Иззатило М.да “оғир ёпиқ КЦТ, бош миянинг оғир даражали лат ейиши” ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан 2019 йил 23 ноябрь куни Иззатило М. жонлантириш бўлимида вафот этган.
2019 йил 23 ноябрь куни Джурабек М., Дониёр С. ва Мухаммад К.лар ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Самарканд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.