Транспорт вазирлиги таклиф қилаётган 2020 йил 1 январдан йўловчи ташиш учун йўл ҳақи тўловларини амалга оширишнинг aвтоматлашган тизим қандай ишлайди. Бу ҳақда одамларни қизиқтираётган саволларга мутахассис жавоб берди. Бу ҳақда Ўз А хабар бермоқда.
– Ҳозирда чиқарилаётган ойлик йўл чипталар аслида 133 марта фойдаланишга мўлжалланган, – дейди Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Муроджон Абидов. – Бизда назорат йўқлиги боис, қанча транспортга чиқилса ҳам ой давомида қўлланилади. Келгуси йилдан бошлаб тизимда янгилик бўлиши кутилмоқда ва бундан йўловчиларга фойда бўлса, бўлади, зарар бўлмайди. Яъни бу тизимда бир марта 1400 сўм тўлаб, бир нечта транспорт туридан автобус+метрода юриш мумкин. Бунда ҳар хил мисол учун талабаларга, тунда ишловчиларга ёки қисқа масофада юрувчиларга мос тарифлар яратилади.
Демак, январдан бошлаб, мобиль компанияларида бўлгани каби транспорт тизимида ҳам вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган қулай тариф режалари жорий этилади. Мисол учун, Сергели-Юнусобод йўналишида автобусга чиққан йўловчи саноқли бекат юрса 600 сўм, охирига қадар борса 1400 сўм тўлайди. Ҳар бир мижоз ўзига қулай тарифни танлаши ва фойдаланиши мумкин. Бунинг учун йўл карталари харид қилиш керак бўлади.
Бунинг учун кондукторга керакли ускуналар, автобусларнинг ҳар бир эшигига эса навигатор қўйилади. Навигаторларнинг ишлаш тезлиги бир дақиқадан ҳам қисқа бўлиб, йўловчи учун ноқулайлик келтирмайди. Бу тизим босқичли бўлиб, дастлаб назоратчи сифатида ишлаган кондуктор хизматидан охирида воз кечилади.
Бу тизим йўловчиларга ҳам, ҳайдовчига ҳам қулай бўлиб, ташувчи корхоналарнинг даромади ошиши, йўл ҳақи тўловлари йиғими ҳам 15-25 фоизга кўпайиши айтилмоқда.
Замонавий технологиялар кўмагида йўловчиларнинг оқимини ўрганиш учун имконият туғилади. Қайси йўналиш кам рентабелли, қайси бекатда йўловчи кўп. Шу тариқа йўналишларни тезлик билан ўзгартириш мумкин бўлади.
Яна бир гап. Тошкентда автобус ва метрони боғлаш имконияти ҳисобга олиниб, бекатлар узвий боғланади. Истиқболда метро билан устма-уст тушадиган бошқа транспортлар оптималлаштирилади. Бу йўловчи учун қулай бўлиб, битта тўлов билан манзилига тезроқ етиб боради.






