АсосийJamiyat

Бош вазир: “Газ ва электр энергия ортиғи билан берилаётган бўлса-да, халққача етиб бормаяпти”

'Бош вазир: “Газ ва электр энергия ортиғи билан берилаётган бўлса-да, халққача етиб бормаяпти”'ning rasmi

Аввал хабар қилинганидек, кеча, 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергоресурслар — газ ва электр энергия билан таъминлашдаги муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Xabar.uz» нашрига кўра, йиғилишда Бош вазир ортиғи билан газ, электр энергия берилаётган бўлса-да, халққача етиб бормаётганини кескин танқид қилиб, ҳамма соҳада қатъий ҳисоб-китоб асосида тежамкорликни йўлга қўймас эканмиз, иқтисодга эътибор берилмас экан, биримиз икки бўлмайди, деган.

Шунингдек, энергоресурсларни тежаш, бу борада кенг тарғиботни йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида таъкидланган.

«Аҳолининг ностандарт иситиш қурилмалардан фойдаланиши ҳам турли салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда, – деди Абдулла Арипов. – 9 ҳолатда 27 нафар фуқаро вафот этган. Ўтган йилга нисбатан бундай мудҳиш ҳолат 1,2 фоизга ортган».

Йиғилишда Бош вазир ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш ишлари талаб даражасида бўлмаганини қайд этди.

«Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 2 минг 558 та мактаблардаги эски қозонлардан 453 таси (18 фоизи) энергия самарадор иситиш қозонларига алмаштирилмаган. Натижада, об-ҳавонинг кескин пасайиб кетиши сабабли, ушбу мактабларда ўқувчилар совуқ хоналарда кийим-бош билан таълим олишга мажбур бўлмоқда.Шундай ҳолатда ҳам бу соҳага масъул раҳбарлар иссиққина хоналарида бемалол ўтиришибди», деди Бош вазир.

Мавсумда ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилиши белгиланган 405 минг тонна кўмир маҳсулотлари тўлиқ етказиб берилган бўлса-да, ҳудудлардаги омборлардан 21 минг тонна кўмир ижтимоий соҳа муассасалари томонидан ҳанузгача олиб кетилмаган. Шу билан бирга, Халқ таълими (65 минг тонна), Мактабгача таълим (28 минг тонна), Соғлиқни сақлаш (16 минг тонна), Жисмоний тарбия ва спорт (3,3 минг тонна) ва Маданият вазирлиги (1 минг тонна) тизимидаги ташкилотлар томонидан қўшимча 114 минг тонна кўмир маҳсулотларига эҳтиёж мавжуд.

Ҳукумат қарори билан ҳокимликларга хусусий тадбиркорларни жалб қилган ҳолда импорт кўмир олиб келиш чораларини кўриш топшириғи берилишига қарамасдан, ҳокимликлар кўмир импорт қилиш ишлари билан умуман шуғулланаётганлари йўқ. Фақатгина марказлашган тарзда етказиб берилаётган кўмирни аҳолига тарқатишмоқда, холос.

Натижада бугунги кунда аҳолига кўмир етказиб бериш ишлари Қашқадарё ва Самарқандда 32 фоизни, Жиззахда 34 фоизни, Бухорода 40 фоизни ва Навоийда 44 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги ишлар мазкур вилоятларда мутлақо талабга жавоб бермайди.

Энергия ресурларини аҳолига узлуксиз етказиб беришда албатта дебитор қарздорликни ундириш муҳим ҳисобланади. Сабаби бугунги кунда энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан истеъмол талаби ошиб кетмоқда. Бу ўртадаги тафовутни ёпиш эса, қўшни давлатлардан энергия ресурсларини импорт қилиш ҳисобига қопланмоқда.

Юқоридаги газ ва электр энергияси етказиб беришдаги камчиликлар охир-оқибат дебитор қарздорликларнинг ўсишига олиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан август ойида тўловлардан қарздорликни жорий йил якунига қадар камида икки баробар қисқартириш бўйича топшириқ берилганига қарамасдан, жорий йилнинг 1 август ҳолатига нисбатан электр энергияси бўйича 582 млрд. сўмга (25%), табиий газ учун 991 млрд. сўмга (13%)га ошишига йўл қўйилган. Лекин, афсуски, айрим ҳудудлар раҳбарлари томонидан қарздорликни камайтириш ўрнига ошишига йўл қўйиб берилган.

Бош вазир видеоселектор йиғилишида газ ва электр энергиясидан фойдаланишни назорат қилиш бўйича республика штаби қайтадан ташкил этилиши ва қаттиқ назоратини олиб боришини ҳам қайд этиб ўтди.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар