АсосийJamiyat

«Бу шармандали ҳолат». Бош вазир газ ва электр муаммосини танқид қилди

'«Бу шармандали ҳолат». Бош вазир газ ва электр муаммосини танқид қилди'ning rasmi

 

Бош вазир  ҳали қиш кирмасдан туриб, энергоресурслар таъминотида ўта жиддий муаммолар пайдо бўлганини ҳамда метро ва телевидениеда электр энергияси билан юз берган нохуш ҳолатларни кескин танқид қилди.

Бу ҳақда кеча, 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергоресурслар — газ ва электр энергия билан таъминлашдаги муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилишида гапирган, дея хабар бермоқда «Xabar.uz».

«Бу шармандали ҳолат, – деди Бош вазир Абдулла Арипов. – Оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда аҳолининг ҳақли эътирозлари кенг ёритилмоқда. Газ ва электр энергия етказиб берувчилар ўз ишларига масъулият билан қарашмаяпти. Мутасадди раҳбарлар шунча салбий ҳолатларга бирон марта оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ёки асосли жавоб бергани йўқ. Мисол учун, 27 ноябрь куни сутка давомида 110 киловольт кучланишли 144та линияда жами 300 мартадан ортиқ чеклов амалга оширилган. Ушбу линияларда 1 ярим соатдан 5 соатгача чеклов киритилиши қанчалик адолатга тўғри келади? Бу каби ҳолатлар натижасида аҳоли томонидан нафақат Энергетика вазирлигига нисбатан, балки бутун Ҳукуматга нисбатан эътироз пайдо бўлмоқда. 31 минг 413 та ҳолатда электр энергиядан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган, зарар миқдори эса 22 миллиард сўмни ташкил қилади. Газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари жудаям кўп. Натижада жабрини аҳоли кўряпти».

Бош вазир, шунингдек, белгиланган режа асосида газ истеъмолчиларга етиб бормаганини қоралади. Энергоресурслар тежамкорлигига эътибор берилмаётгани, тушунтириш ишлари самарали бўлмаётганини танқид қилди.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар