1

Машинанингизда ёш бола бўлса...

ЖАМИЯТ 29.01.2015, 18:38
Машинанингизда ёш бола бўлса...

Агар автомобилингизда ёш болаларни олиб юришнингизга тўғри келса, унда бу мақола айнан сиз учун. Ушбу саҳифамизда махсус автоўриндиқлар ва уларни танлаш ва ўрнатиш қоидалари билан танишамиз.

  • 12 ёшгача бўлган болаларни машинада олиб юрганда болаларни хавф-хатардан ҳимоя қилувчи мосламалардан фойдаланиш керак. Автоўриндиқлар ана шундай мосламалар сирасига киради. Автоўриндиқлар  бола ёши ва тана вазнига нисбатан қуйидагича турларга бўлинади:
  • Тана вазни 13 килограммдан ошмаган болалар учун.  (1 ёшгача бўлган болалар)
  • Тана вазни 9-18 кг. бўлган болалар учун ( 1 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар)
  • Тана вазни 9-36 кг. бўлган болалар учун. (3 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар.
  • Тана вазни 22-36 кг. бўлган болалар учун. (6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар)

Автоўриндиқ танлаётганда унинг халқаро стандартларга мос келишини текширинг. Маҳсулот сифатини кафолатловчи сертификатни кўздан кечириш ҳам фойдадан холи эмас.

Иккинчидан автоўриндиқ танлашда фарзандингизни ҳам ўзингиз билан бирга олиб борганингиз маъқул. Ўриндиқ бола учун ҳар томонлама қулай бўлиши керак. Айримлар боланинг ўсишини инобатга олган ҳолда каттароқ буюм сотиб олишга одатланишган. Бу одатни автоўриндиқ сотиб олаётганда қўлламаганингиз маъқул. Мослама бола тана вазни ва ёшига айни мос тушиши шарт.

Автоўриндиқни машинанинг қаерига ўрнатган маъқул?

Болалар ўриндиғини машинанинг орқа ўриндиғининг  ўрта қисмига ўрнатган маъқул. Чунки бу жой болалар учун энг хавфсиз жой ҳисобланади.  Ёш болани зинҳор ҳайдовчининг ёнига ўтқазиш мумкин эмас. Бу ўта хатарли.

Ёдингизда бўлсин!

  • Болага  ҳар доим хавфсизлик камари тақилган бўлиши керак.  Ҳатто тирбандликда ҳаракатланаётган бўлсангиз ҳам, яқин жойга отланган бўлсангиз ҳам. 
  • Машина ичида болани қўлингизда кўтариб ўтириш  фарзандингиз ва ўзингизнинг хавфсизлигингизга рахна солади. Чунки кескин тормоз босилганда ёки автомобил бошқа машиналар билан тўқнашиб кетганда, қўлингиздаги бола ҳолатини назорат қила олмай қолишингиз мумкин. Бундай вазиятларда бола тана вазни 30 килограммгача оғирлашиб кетгандек туюлиши амалда исботланган.

Ҳайдовчиларга муҳим эслатмалар!

Автоуловингизда ҳаракатланишни бошлашдан аввал  албатта йўлда болалар ўйнамаётгани ёки кесиб ўтмаётганига ишонч ҳосил қилинг. Бунда фақатгина ён ойналарга таянмасдан, эътибор билан йўлнинг болалардан холи эканлигини текшириш мақсадга мувофиқ.

 Ёш болалар исталган пайти қаршингиздан чиқиб қолиши мумкинлиги ҳамиша ёдингизда бўлсин.   Айниқса кўп қаватли уйлар олдида ҳаракатни бошлаётганда, қайрилаётганда ва тўхташда ўта ҳушёр бўлинг! Болалар боғчалари, мактаблар ва майдончалар олдидан ўтаётганда ҳушёрлигингиз икки карра ошсин. Чунки, йўлни болалар кесиб ўтиши мумкин.

Диққат!

Аҳоли яшайдиган жойларда, кўп қаватли бинолар олдидаги йўлларда пиёдалар эркин ҳаракатланишлари белгиланган.

Автомашинангизни орқага ҳаракатлантираётганингизда ён-атрофингиздагилар ёрдамидан фойдаланинг.

Жарима тўлайсиз, агар...

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра ҳайдовчи ўз ёнида 13 ёшга тўлмаган болани олиб юриши таъқиқланади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг  128-1 моддасига асосан автотранспорт воситаларида  болаларни олиб юриш қоидалари бузилганида энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми  миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Агар худди шундай қоидабузарлик  маъмурий чора қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида, иккинчи марта маъмурий чора қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.  

Мотоцикл ва велосипеддаги болалар учун хавфсизлик қоидалари

Амалдаги  “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 27-бандининг 27.1 бандига асосан йўлда велосипед, аравани бошқариш, ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшга тўлган болаларга, мопедни бошқариш эса 16 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади. Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати қоидалари тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида “мотоцикллар, мотороллерларни ва бошқа мототранспорт воситаларини  бошқариш ҳуқуқи ўн олти ёшга тўлган шахсларга берилади” деб белгилаб қўйилган.

Севара Нишонова тайёрлади

Мақола Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1