Ташқи ишлар вазирининг 1-ўринбосари Илҳомжон Неъматов Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган матбуот суҳбатида қуйидаги саволларга ўз изоҳини берди:
– Ўзбекистоннинг Евро Осиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлишида бошқа давлатлар мамлакатимизга босим ўтказяптими? Бу аъзолик Собиқ Иттифоқнинг қайта тикланишига сигналми? ЕОИИга Ўзбекиттоннинг қўшилиши ғарб мамлакатларининг бизга нисбатан муносабатини ўзгартирмайдими?
– Йўқ. Бундай шубҳалар мутлақо асоссиз! Кўпчилик буни бир ёқлама – сиёсий томондан талқин қиляпти. Ёки баъзилар “ЕОИИга қўшилсак, биз суверенитетимизни йўқотиб қўямиз”, деган нотўғри хулосаларга келишяпти. Биринчидан, бир давлатни бирон ташкилотга қўшилишдан олдин ўша ташкилот у давлатнинг манфаатларига хизмат қилиши керак. Яна бошқалар буни мамлакатимизга тазйиқ дея қабул қилишяпти. Ҳеч бир давлат бошқа мустақил давлатни бирор ташкилотга қўшилишига тазйиқ ўтказишга ҳақи йўқ. Айниқса, Ўзбекистонни. Чунки Ўзбекистон нафақат марказий Осиёда, балки бутун дунёда тарихий, маданий, иқтисодий ижтимоий салохиятли давлат. Ўзбекистонга ҳеч кимнинг тазйиғи ўтмайди!
Иккинчидан, Ўзбекистон ташқи сиёсатини фақатгина миллий манфаатдан келиб чиқиб олиб боради. Биз географик жихатдан Марказий Осиёнинг марказида жойлашганмиз. 7000 км.ли чегарамиз барча Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош. Шунинг учун минтақада Ўзбекистоннинг иштирокисиз масалаларни ҳал этилишини тасаввур этиб бўлмайди. Хозирда Иттифоқда 2 та қўшнимиз – Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. Қолаверса, товар айирбошлашда бизга катта бозор, майдон керак. Бу майдон қаерда? Қозоғистон ва Россияда. Улар бизнинг асосий иқтисодий ҳамкорларимиз саналади. Шунинг учун биз бу Иттифоққа қўшилишдан манфаатдормиз. Европа бозорига ҳам биз Қозоғистон ва Россия орқали чиқа оламиз. Ҳозирда эса боши берк кўчадамиз. Бизга транспорт коммуникацияси керак. Буни инобатга олиш керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳолисига бир йилда 700 000 киши қўшиляпти. Бу ўз-ўзидан миграцияни юзага келтиради. Бизнинг бу йўналишдаги асосий ҳамкорлармиз эса Россия ва Қозоғистондир. Бу жараёнларни танқид қилаётган экспертларимиз яхшилаб таҳлил қилишлари керак.






