«Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Узрепорт телеканалининг «Трибуна» кўрсатувида янги иш ўринлари яратиш ва хориждаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга ошириш ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
«Ўзбекистон меҳнат ресурсларини яқин 20 йил ичида тўлиқ таъминлай олмайди. Бу ҳақда очиқчасига гапириш керак. Дунёда меҳнат ресурслари иш ўринларидан кўпроқ мамлакатлар бор. Ўзбекистон ҳам шундай давлатлардан бири. Ишга муносабатни ўзгартиришимиз зарур. Меҳнат ресурсларини экспорт қилиш керак. Қўшни мамлакатлардан қандай меҳнат ресурсларига талаб кучли эканини ўрганиб, меҳнат муҳожирларини ўқитиш ва у ерга жойлаштириш лозим. Уларни иш билан таъминлаш билан бир қаторда ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиш ҳақида ҳам ўйлаш керак.
Парламент ушбу ишларга жалб қилиниши лозим. Парламентлараро учрашувларда ушбу мамлакатларда ҳаёт кечираётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилиниши зарур.
Қайд этиш зарур бўлган яна бир жиҳат, одамларни ўзини ҳурмат қилишга ўргатиш. Ўзини ҳурмат қилган одам тил биладиган давлатда иш қидиради. Бундай одам 50 доллар тежаш учун ҳаво ҳарорати 50 даража совуқ бўлган вақтда ёниб кетиши мумкин бўлган автобусга чиқмайди», - дейди Алишер Қодиров.






