1

Андижонда наряддаги посбонлар ёнаётган уйда билмай ухлаб ётганларни қутқариб олди

ЖАМИЯТ 16.12.2019, 13:37
Теглар: Ёнғин, Андижон
Андижонда наряддаги посбонлар ёнаётган уйда билмай ухлаб ётганларни қутқариб олди

Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ЖТСБ баталь­они ходимлари, сафдорлар Муҳаммаджон Азимов ва Санъатбек Тожибоев пиёда патруль наряди таркибида хизмат олиб бораётганида тунги соат 2.00 бўлиб қолганди. Бирдан наряд бошлиғи сафдор М. Азимов шеригига юзланди:

– Сезяпсанми, куйинди ҳиди келяпти?

– Балки хазон тутаётгандир? – тахмин қилди С. Тожибоев.

Сергакликни кучайтирган наряд йўлда давом этди. Ички сезги осойишталик посбонларига панд бермаган эди: Пушкин кўчасидаги 16-уйнинг панжара ўрнатилган деразаси дарчасидан қуюқ тутун буралиб чиқарди.

– Рация орқали навбатчилик қисмига хабар қил! – буюрди сафдор М. Азимов шеригига, ўзи эса дарвозани тақиллата бошлади. Эшикни ҳеч ким очмасди. Бу орада сафдор С. Тожибоев ППХ батальонининг навбатчилик қисмига ҳодиса юзасидан хабар қилди.

Осойишталик посбонлари эшикни бир амаллаб очишга муваффақ бўлишди. Уйнинг ҳовлиси ва асосий иморатлар олов ичида қолганди.

ППХ ходимлари дадил ҳаракат қилиб тутун билан қопланган ҳовлига киришди, ташқарига қараган хоналарнинг эшикларини тақиллата бошлашди. Шу пайт бир йигитча жавоб қайтарди.

– Нима бўлди? – сўради у уйқули кўзлари билан хизмат кийимидаги ходимларга ҳайратланиб қараркан.

– Уйингизда ёнғин содир бўлган, оиланинг бошқа аъзоларини ҳам уйғотинг!

Ходимлар саноқли дақиқалар ичида икки болани ташқарига олиб чиқишди. Оиланинг қолган аъзоларини қутқариш мақсадида ёнаётган уйнинг ҳовлисига қайтишга уринишди, аммо ўтиш йўлини ҳам аланга қоплаб олганди.

Вақтни йўқотишни ҳалокатли эканини ҳис қилган ходимлар қўшниларнинг эшигини тақиллата бошлади. Улардан нарвон олиб, гуриллаб ёнаётган уйга том орқали ошиб тушишди. Осойишталик посбонлари ёнғин ўчирувчилар келгунга қадар қўшни уйнинг томига тиралган нарвон орқали икки нафар вояга етмаган болани ва эру хотинни қутқаришга улгуришди.

Ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар гуруҳи ўн дақиқа ичида ёнғинни бартараф этишди. Ходимларнинг аниқ ва профессионал даражада амалга оширган саъй-ҳаракатлари билан барча оила аъзоларининг ҳаёти сақлаб қолинди.

Осойишталик посбонлари ўша мушкул вазиятда ўз ҳаётлари ҳақида ўйламаганини, на саросима, на қўрқувни ҳис этишганини, энг муҳими, одамларни қутқариш ўйи билан ҳаракат қилганини эъти­роф этишди.

Дастлабки маълумотларга кўра, юз берган ёнғин электр тармоғидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққани аниқланди.

Хўш, жасорат кўрсатган қаҳрамонларимиз кимлар эди?

Сафдор Муҳаммаджон Азимов Андижон туманида туғилган. Андижон алоқа касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилган. 2015 йилда Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальонида хизматни бошлаган. У устози сержант Музаффар Очилдиевнинг кўмаги билан тажриба тўплади. Рафиқаси Баҳридилхон билан биргаликда икки ёшли ўғли Азизбекни тар­биялашмоқда.

Сафдор Санъатбек Тожибоев Марҳамат туманида таваллуд топган. Ички ишлар органларида 2016 йилдан буён хизмат қилади. У Қуролли Кучлар сафидан захирага бўшатилган отасининг изидан боришни, ҳарбий бўлишни орзу қиларди.

Сафдорлар М. Азимов ва С. Тожибоев ёнғин чоғидаги ўз ҳаракатларини қаҳрамонлик деб ҳисоблашмайди: «Инсонларга ёрдам бериш бурчимиз. Ўрнимизда бўлган ҳар қандай ходим шундай йўл тутган бўларди...». 

Ҳикоямиз қаҳрамонлари – оддий йигитлар, патруль-пост хизмати батальонида улар каби кўплаб ходимлар фаолият юритади.

– Бўлинма шахсий таркиби жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш бўйича масъулиятли вазифаларни бажаради, – дейди Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ бошлиғи, подполковник Муҳаммаджон Нишонов. – Юқори даражадаги тайёргарлик, касбий маҳорат туфайли ходимлар ўз зиммасидаги вазифаларни шараф билан адо этишмоқда.

Суратда: Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари, сафдорлар М. Азимов ва С. Тожибоев.

Манба; "Postda.uz"

Шарҳлар

Хоразмдаги қоғоз ва картон ишлаб чиқариш цехида ёнғин чиқди

22.04.2024, 13:54

Кеча 21 апрель куни соат тахминан 16:10да Тупроққалъа тумани «Муҳаббат» МФЙ ҳудудида жойлашган “Обод Попер” МЧЖга қарашли қоғоз ва картон ишлаб чиқариш цехида ёнғин чикди....
Андижонда ака-укани уриб кетиб, улардан бирининг ўлимига сабабчи бўлган ЙПХ ходими жазосиз қолаётгани айтилмоқда (видео)

10.08.2023, 20:43

Ижтимоий тармоқда “Асака туманида ЙҲХБ ходими томонидан 2 нафар шахсга нисбатан йўл транспорт ҳодисаси содир этилсада, жазо муқаррарлиги таъминланмаганлиги ҳақида хабар жойлаштирилди. Хабарга кўра, Асакада...
⚡️Шавкат Мирзиёев Андижонга жўнаб кетди

01.02.2023, 09:59

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.Маълум қилинишича, ташриф давомида...
Андижонда қизлар ўртасида оммавий муштлашув бўлди (видео)

21.12.2022, 09:11

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Пахтаобод туманида қизлар ўртасида жанжал юз бергани акс этган видеохабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумот тақдим этди.Маълум қилинишича, 7...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1