1

2019 йил журналистлар учун қандай кечди?

ЖАМИЯТ 16.12.2019, 18:12
Теглар: журналист, дунё
2019 йил журналистлар учун қандай кечди?

Журналистика дунёдаги энг хавфли касблардан бири сифатида қолмоқда. Айниқса, авторитар давлатларда журналистлар фаолиятининг хавфлилик даражаси кескин ортган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (КПЖ) навбатдаги йиллик ҳисоботида дунё бўйлаб қамоқда ўтирган журналистлар сони 250 нафар эканлиги қайд қилинади.

Маҳкумлар ичида ўзбекистонлик журналистлар йўқ. Аммо руҳий касаллар шифохонасида сақланаётган блогер Нафосат Оллошукурова ҳибсдагилар қаторида қайд қилинган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур ҳисоботида асосан журналистларни қамаш бўйича етакчилик қилаётган давлатлардаги вазиятга тўхталади.

Шармандали етакчилар сифатида тақдим қилинган давлатлар сафида нисбий ўзгаришлар кузатилган. Бир неча йилдирки бу рўйхатда “етакчилик” қилаётган Туркиянинг ўрнини бу йил Хитой эгаллаган.

Хитой ва Туркиядан кейинги ўринларда Саудия Арабистони, Миср, Эритрея, Вьетнам ва Эрон туради. Айни пайтда қамоқда қолаётган 250 нафар журналистларнинг асосий қисми шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Туркияда ўтган йил 68 нафар журналист қамоқдалиги қайд қилинган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 47 кишини ташкил этган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бунинг сабабини Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳукуматида журналистларга, матбуотга нисбатан ижобий қарашлар кузатилаётганида эмас, балки сўнгги йиллар давомида Туркияда 100 га яқин ахборот нашрлари фаолияти тўхтатилгани, уларга нисбатан терроризм, экстремизмга доир турли айбловлар илгари сурилганида кўради. Бунинг натижасида ўнлаб журналистлар айбловлар билан тўқнаш келган, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Қамоқдаги журналистлар сони бўйича етакчи ўринга кўтарилган Хитойдаги вазият таҳлилига кўра, мамлакатда турли айбловлар билан қамоққа ташланаётган журналистлар сони мунтазам ўсиб бормоқда. Ўтган йил қамоқдаги журналистлар сони 47 кишини ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 48 кишига етган. Сўнгги ҳолат шу йил октябрь ойида Гонконгдаги ғалаёнлар ҳақида ёзган блогернинг ҳибс қилиниши билан кузатилган. Блогер Хуан Сюетсин ижтимоий норозилик келтириб чиқаришга қаратилган чиқишларда айбланган.

Уйғурлар ва бошқа мусулмон халқларни мамлакатдаги жазо лагерларига жойлаштириш тажрибаси кенг оммалашгани ҳам Хитойда қамоққа ташланаётган журналистлар сони кўпайиб боришига хизмат қилган. Қамоқдаги журналистлар орасида уйғур фаоллари, Хитойдаги “Қошғар” нашриётининг бир неча ходимлари ҳам бор.

27 нафар журналист қамоқда ушлаб турилган Саудия Арабистонидаги вазият ОАВ ходимлари устидан ёпиқ жараёнлар ўтказилгани, уларга нисбатан қийноқлар қўллангани эҳтимоли билан анча хавотирли баҳоланади. Айниқса, журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бевосита Саудия Арабистони ҳукумати иштирокида амалга ошгани маʼлум бўлиши ортидан бу мамлакатда мустақил журналист бўлиш ўта хавфли кўрилади.

Мисрдаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳам ачинарли. 26 журналист қамоқда сақланаётган бу мамлакатдаги вазият ҳам ҳукуматга нисбатан норозиликлар бошланиши ортидан таъқиб кучайганини кўрсатади.

10 дан ортиқ журналист қамоққа ташланган Эрондаги вазият ҳам шунга яқин. Ҳукуматга нисбатан норозиликлар, мамлакатнинг ташқи дунё билан алоқаларни узиш ҳаракатлари журналистларга тазйиқлар оширилиши билан кузатилган.

Ташкилот Россиядаги вазиятни ҳам хавотирли баҳолайди. Айниқса, Қрим билан боғлиқ масалада. Россия тасарруфига қарши бўлган қрим-татарлар билан боғлиқ вазиятни ёритган бир нечта журналистлар қамоқда сақланмоқда.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистонда 2019-йилда бир нечта журналистларга қарши турли айбловлар илгари сурилгани кузатилган. Мамлакатда ўтган норозилик акциялари давомида журналистлар ҳам тазйиққа олинган.

Қўшни Тожикистон эркин матбуотга, хусусан, “RFE/RL” радиосининг тожик хизматига қўйган тўсиқлари, журналистларга аккредитация беришни рад этгани, мустақил журналистларга нисбатан тазйиқларни тўхтатмагани билан тилга олинади.

Туркманистонда матбуотга доир вазият ўта аянчли. Мамлакат аёвсиз цензура жорий қилинган давлатлар ўнталигидан жой олган. Аммо бу мамлакатда 2019 йил давомида бирор журналист қамоққа ташлангани кузатилмаган.

Қирғизистондаги вазиятга тўхталган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 2010 йилда ҳибсга олинган журналист Аъзимжон Асқаров тақдирига диққат қаратади.

Асқаров зудлик билан озод қилиниши лозимлигини, Қирғизистон судининг журналистга белгиланган бир умрлик қамоқ жазосини ўз кучида қолдириш қарори адолатсиз эканлигини таъкидлайди.

Press Emblem Campaign нодавлат ташкилотининг йиллик ҳисоботига кўра, 2019 йил бошидан буён дунёнинг 26 мамлакатида 75 оммавий ахборот воситаларининг ходими ўлдирилган, 2018 йилда 113 киши вафот этган. Бу 2006 йилдан бери эълон қилинган жадвалнинг энг кам сони.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай динамика рағбатлантиради, аммо журналистлар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳали кўп ҳаракатлар талаб этилади. Ҳисобот муаллифлари кўпчилик ҳибсга олинган ёки жароҳатланганини эслашади.

2019 йилда ҳалок бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари сони бўйича етакчилар қуйидагилар:

Мексика – 13 киши;

Афғонистон ва Покистон – ҳар бири 8 кишидан;

Сурия – 6 киши;

Гондурас – 5 киши;

Филиппин – 4 киши.

Шунингдек, Украина, Буюк Британия, Ҳиндистон, Бразилия, Гаити, Индонезияда ва бошқа мамлакатларда журналистлар ўлдирилди. 10 йил ичида эса 1 174 ОАВ ходими вафот этди.

 

Манба: "Ишонч" газетаси

Шарҳлар

"Мақтайман 200 минг сўм берасиз, бўлмаса танқид қиламан..." Сурхондарёда "журналист" қўлга олинди (видео)

05.07.2022, 13:56

Сурхондарёда "сохта журналист” аниқланди. Бу ҳақда "Янги давр" дастурида хабар берилди. Маълум қилинишича, "журналист" ўзини Республикадаги етакчи телеканаллар мухбири сифатида таништириб шантаж йўли билан пул олиб...
Европа яна коронавирус пандемиясининг марказига айланди – ЖССТ

17.11.2021, 22:46

Европа яна коронавирус пандемиясининг эпицентрига айланди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таяниб, BBC хабар берди. Қайд этилишича, сўнгги вақтларда Европада коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари...
Бир ҳафта ичида дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 8 фоизга ошди

03.11.2021, 18:00

Жаҳонни соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, ўтган ҳафта давомида дунёда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирусдан касалланган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.Қайд этилишича, коронавирус туфайли 50...
Коронавирусга қарши эмланганлар сони бўйича етакчи мамлакатлар маълум қилинди

01.11.2021, 19:21

Коронавирусга қарши эмланганлар сони бўйича етакчи мамлакатлар рўйхати маълум бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. Қайд этилишича, БАА ва Мальтада аҳолининг 90 фоиздан ортиғи аллақачон эмланган....
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1