Ниихау (Niihau) ороли “Гиннесс рекордлар китоби”га энг қиммат орол номи билан киришга муваффақ бўлди. Унинг қиймати 100 млн. АҚШ долларга баҳоланмоқда. Ушбу Гавай архипелагидаги энг кичик оролнинг эгаси 1864 йилдан Робинсонлар оиласи ҳисобланади.
Ниихаунинг иккинчи номи “Тақиқланган орол” бўлиб, унинг майдони 179,9 км2, узунлиги 30 км, кенглиги эса 10 км. ташкил қилади. Тақиқланган орол — бу ўчиб қолган вулқон чўққисидир. Ҳозир у денгиз сатҳидан 381 м баландликда жойлашган.
Ниихауда Халулу кўли ва Пууваи қишлоғи бор. Унда фақат маҳаллий аҳолидан иборат 160 киши яшайди, уларнинг деярли барчаси гавайиликлардир. Аборигенлар қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик билан шуғулланадилар.
1915 йилда орол табиатини асраб қолиш мақсадида сайёҳлар ташрифи тақиқланди. Ушбу оролга келиш учун махсус рухсатнома керак.
Тақиқланган оролда мобиль алоқа, сув қувурлари, йўллар, канализация тизими йўқ, электроэнергияни эса аҳоли қуёш батареяларидан олади. Баъзи оилаларда телевизорлар бор, аммо сигнал етиб бормаганлиги сабабли унда фақат дисклар томоша қилишади. Бу ерда дўконлар ҳам йўқ. Маҳаллий аҳоли барча зарурий нарсаларни Кауаи оролидан олишлари мумкин. Шунга қарамай, бу ерда 50 ўқувчига мўлжалланган мактаб мавжуд.
Орол аҳолиси ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекади, иқлими қуруқ, қурғоқчилик мавсумларида маҳаллий аҳоли бошқа оролларга кўчирилади.





