1

Урганч давлат университетидаги магистратура дастури халқаро таълим стандартларига мувофиқ деб топилди

ЖАМИЯТ 19.12.2019, 14:43
Урганч давлат университетидаги магистратура дастури халқаро таълим стандартларига мувофиқ деб топилди

Жорий ўқув йилида Урганч давлат университетида Германиянинг Вайнштефан амалий фанлар университети билан ҳамкорликда очилган“Аграр менежмент”қўшма магистратура дастури Европанинг нуфузли халқаро аккредитация ташкилотларидан бири ACQUIN (Аккредитация, сертификация ва таълим сифатини таъминлаш институти) томонидан аккредитациядан ўтказилиб, халқаро таълим стандартларига мувофиқлиги тасдиқланди. Бу ҳақда даракчи.узга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро аккредитация жараёнидан муваффақиятли ўтган Урганч давлат университетининг “Аграр менежмент” магистратура мутахассислигида ўқув жараёни 1,5 + 0,5 тартиби асосида ташкил этилиб, дастлабки 3 семестридаги барча ўқув фанларни тўлиқ ўзлаштирган талабалар охирги семестрда Германиянинг Вайнштефан амалий фанлар университетида бепул ўқиш ҳамда бир вақтни ўзида иккала университетнинг ҳам дипломларини олиш имкониятига эга бўладилар.

Аккредитация давомида халқаро экспертлар УрДУдаги мазкур магистратура мутахассислигида ўқув жараёни билан боғлиқ барча жиҳатларни ўрганиб чиқишди:

- ҳар бир фан ва модулнинг мазмуни;

- моддий-техник таъминоти;

- маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларнинг компетентлигик даражаси;

- магистрлик диссертациялар мавзулари ва уларнинг сифатини белгиловчи мезонлар;

- йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан алоқаларнинг ўрнатилгани, битирувчиларни ишга жойлашиши имкониятлари. 

ACQUIN УрДУ ва Вайнштефан амалий фанлар университети билан ҳамкорликдаги “Аграр менежмент” қўшма магистратура дастурига 2023 йилгача бўлган даврда амал қилиш муддатига эга сертификат берди.

Ҳозирда Германия билан ҳамкорликда ташкил этилган магистратура мутахассислигида 6 нафар талаба таҳсил олмоқда. 

Маълумот учун, ACQUIN ўз навбатида EQAR – European Quality Assurance Register for Higher Education халқаро аккредитация тармоғининг аъзоси бўлиб, ҳозирги кунгача дунёнинг 197 та олий таълим муассасаларида турли дастурларни аккредитация жараёнидан ўтказган нуфузли аккредитация агентликларидан бири ҳисобланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1