Европа Парламентининг бу йилги “Фикр эркинлиги учун Сахаров мукофоти”га Хитойда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган уйғур зиёлиси Илҳом Тоти муносиб топилди.Чоршанба куни отасининг номидан ушбу мукофотни қабул қилиб олган Жавҳар Илҳом Европа ҳуқуқшуносларини Хитой ҳукуматининг уйғурларга нисбатан салбий муносабатига ечим топишга ундади. Бу ҳақда таржимон.уз хабар бермоқда.
Ҳозирда Хитойнинг мусулмон уйғурларга нисбатан ўтказаётган зулми тобора кучайиб боряпти. Европа парламентидаги нутқида Жавҳар Илҳом сиёсатчиларни, олимларни ва талабаларни Хитойнинг олиб бораётган ушбу ҳаракатларига қарши норозилик билдиришга чақирди.
Илҳом Тоти 2014-йили сепаратизмда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган ва бу ғарб томонидан танқид қилинганди. Унга Евроиттифоқ мукофоти берилиши эълон қилингандан сўнг, Хитой Тотини қонунга мувофиқ ҳукм қилинган жиноятчи эканлигини ва барча мамлакатларни Хитойнинг ички ишлари ва суд суверенитетини ҳурмат қилишга чақирганди.
Хитой Шинжон жангарилар ва сепаратистлар таҳдиди остида эканлигини айтиб, уйғурларга бўлаётган ёмон муносабатни ёки уларни оммавий равишда ҳибсга олиш содир бўлганини рад этиб келади. Хитой ҳукуматининг сўзларига кўра, улар шунчаки “таълим орқали экстремизм ва зўравонликка чек қўйиш”ни мақсад қилмоқда.






