АсосийJamiyat

2014 йилда лицензиясиз фаолият юритган ҳайдовчилардан 10 миллиард 207 миллион сўм миқдорида жарима ундирилди

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида ташкилотнинг 2014 йилги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда uz24.uz нашри ЎзА маълумотларига таяниб хабар беради.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда йўналишлар сони 4 минг 344 тага етди. Бу 2000 йилдаги кўрсаткичга қараганда икки баробар кўп. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ушбу йўналишларни янада такомиллаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда йўналишларнинг бандлиги ва аҳолининг йўловчи ташиш транспортидан фойдаланиш бўйича эҳтиёжини мунтазам ўрганиб бормоқда. Аҳолига транспорт хизматларини кўрсатаётган корхоналарга транспорт воситаларини янгилашда амалий ёрдам берилмоқда.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, соҳада 2 минг 806 юридик шахс фаолият кўрсатмоқда. 2014 йилда агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан хўжалик юритиш субъектларига 2 минг 817 лицензия ва 170 мингга яқин лицензия карточкаси берилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва давлат солиқ органлари билан ҳамкорликда 4 минг 364 та рейд ўтказилиб, автотранспорт воситалари эгалари томонидан лицензиялаштириш соҳасида йўл қўйилган 67минг 18 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Лицензиясиз фаолият юритган шахслардан 10 миллиард 207 миллион сўм миқдорида жарима ундирилди. 

    Бошқа янгиликлар