Саратовда маҳаллий аҳоли ноодатий ҳодиса гувоҳига айланди – шаҳарда тўқ сариқ рангли қор ёғди, дея хабар бермоқда FN-Volga.ru нашри маълумотлари асосида kun.uz.
Саратов вилояти Гидрометеорология ва атроф-муҳитни муҳофазаси мониторинги маркази вакиллари ушбу ҳодисани Ғарбий Саҳрои Кабирдан кириб келган циклон билан изоҳлашди.
“Шимолий Африканинг ҳаво оқими Ўртаер ва Қора денгиз орқали бизга кириб келди. Саҳрои Кабирда чанг аралашган ҳаво, бир қисм қум ва намликни олиб, ҳозирги вақтда Россиянинг Европа қисми ва Қрим яриморолига ёғмоқда. Ушбу ноодатий ранг эса оддий қумнинг таъсири холос”, – деди минтақавий метеорология хизмати бошлиғи Михаил Болтухин.
Метеорологларнинг сўзларига кўра, тўқ сариқ рангли қор на инсонга ва на жониворларга ҳеч қандай зарар етказмайди. “Қўрқишга асос йўқ. Ахир тош ёғаётгани йўқ-ку”, – дея аниқлик киритди Болтухин.





