Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш),моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик- ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, мазкур модданинг 2-қисмида, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Фуқаро А.Шокиров (исми шарифлари ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2005 йил 11 июндаги суд буйруғига асосан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун А.Шокирова фойдасига ҳар ойлик иш ҳаққи ва даромадининг ҳамма туридан 1/4 қисми миқдорида, аммо энг кам ойлик иш ҳақининг 1/3 қисмидан кам бўлмаган миқдорда алимент ундирилиши белгиланган бўлсада, А.Шокирова 2014 йилдан 2019 йилга қадар жами 25.889.764 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келган.
Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар А.Шокиров 25.889.764 сўм алимент қарздорлигини суд даврида ундирувчи фойдасига тўлиқ қоплагани сабабли суднинг 2019 йил 6 декабрдаги қарори билан А.Шокировга нисбатан юритилган маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатилган.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Фарғона вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан 2019 йилнинг 11 ойи давомида 88 нафар фуқаролар алимент қарздорлигини суд даврида қоплаганлиги сабабли уларга оид ишлар тугатилган.
Музаффаржон Марахимов
Фарғона вилоят маъмурий
судининг судьяси
Махкамжон Абдубаннабов
Қувасой шаҳар маъмурий
судининг раиси






