Ширин орзулар оғушида турмуш қурган Улуғнорлик Д.Рахмонов ва О.Қурбоновалар бир фарзандли бўлгач, уларнинг оиласига дарз кетади. Натижада, иш ажримгача етиб бориб етди. Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судининг 17.04.2014 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Д.Рахмоновдан ундирувчи О.Қурбонова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланди. Бироқ, Д.Рахмонов ўз фарзанди олдидаги бурчини унутиб, алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келди. Шу сабабли, унга нисбатан Улуғнор туман маъмурий суди томонидан 19.03.2019 йилда 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бундан хулоса чиқармаган Д.Рахмонов белгиланган жазосини ўтаб бўлгандан сўнг ҳам алиментдан бўлган қарздорлигини тўламай юрган. Натижада ҳозирги кунга қадар 6 млн 199 минг 598 сўм алимент қарздорлиги тўланмаган.
Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судининг 19.03.2012 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Н.Пўлатова фойдасига қарздор С.Худойбердиевдан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш кўрсатилган.
Бироқ, оталик масъулиятини унутиб қўйган С.Худойбердиев 01.05.2019 йил кунгача алиментдан бўлган қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб юрган. Натижада ҳозирги кунга қадар 16 млн 325 минг сўм алимент қарздорлиги тўпланиб қолган.
Қайд этилган ҳолатлар юзасидан, Мажбурий ижро бюроси Улуғнор туман бўлими томонидан қарздор оталарга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жиноий иш қўзғатилди.






