АсосийJamiyat

“Мажлисга келмагани учун тушунтириш хати ёзсин”. Сенат Раиси Соғлиқни сақлаш вазирини танқид қилди

'“Мажлисга келмагани учун тушунтириш хати ёзсин”. Сенат Раиси Соғлиқни сақлаш вазирини танқид қилди'ning rasmi

24 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатларини ўрганиш натижалари, сўнгги вақтларда тобора ортиб бораётган овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари муҳокама қилинди. 

“Даракчи” мухбирининг хабарига кўра, йиғилишда Сенат Раиси Танзила Нарбаева Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов ахборотидан қониқмади. Ҳамда Сенат Кенгашининг кун тартибига киритилган асосий масала бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлигига боғлиқ бўлса-да, аммо вазирнинг ўзи ҳам, унинг ўринбосари ҳам мажлисда иштирок этмагани, масалага совуққон муносабатда бўлгани учун вазирни танқид қилди, мажлисга келмагани учун тушунтириш хати ёзишини айтди.

“Соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарининг масалага муносабати шуми? Шунинг учун ҳам ҳамма жойда одамлар овқатдан заҳарланиб, 50 фоиздан ортиқ болалар камқонлик касалига чалинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирининг эса бу билан иши йўқ. Одам ўлса ўлиб, заҳарланса заҳарланиб ётибди, камқон болалар туғиляпти. Лекин буларда ҳеч қандай масъулият йўқ. Аслида бу Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масаласи. Қандай қилиб бундай совуққонлик билан ёндашиш мумкин, билмайман. Давлат миқёсида ташкил этилган Агентликнинг аҳволи ҳам мана, келиб, маъруза ўқиб беряпти. Одам қандай қилиб овқатдан заҳарланишини айтиб беряпти — бизга бу нимага керак?

Агентлик эртага қандай натижа беради? Президентимиз бекорга биттасини Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида, яна бирини Соғлиқни сақлаш ҳузурида ташкил қилмади. Бу муаммоларни кескин тўхтатиш учун қилинди. Лекин бизда ўзгариш бўлаётгани йўқ, муаммолар давом этяпти. Касаллар, уларнинг мурожаатлари, қайд этилганлари ОАВга чиқиб кетяпти. Овқатдан заҳарланганлари қанча?

Аслида бу муаммоларни журналистлар эмас, сизлар бонг уриб, кўтариб чиқишингиз керак. Сизлар эса кўтариб чиқмаяпсизлар, мана, мажлисга муносабат! Соғлиқни сақлаш вазири нима учун бугунги мажлисга ўзи ва ўринбосарлари келмагани ҳақида тушунтириш хати ёзиб берсин”, - деди Танзила Нарбаева.

Сенат Раиси бу масала ҳеч қачон парламент назоратидан олинмаслигини, у тўлиқ ҳал бўлмагунича манфаатдор идораларга ҳаловат йўқлигини алоҳида таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар