АсосийJamiyat

Бу йил Тўрткўл туманида 14 минг 850 гектар майдонда деҳқончилик қилиш режалаштирилган

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманлари муқобил машина-трактор парки мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида техникаларни баҳорги экиш мавсумига тайёрлаш ишларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

ЎзА хабар қилишича, тадбир доирасида иштирокчилар тумандаги “Қосим Нуримбетов” муқобил машина-трактор паркида техникаларни баҳорги экиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

– Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган барча техника ва механизмлар, тиркамалар машина-трактор паркида таъмирланмоқда, – дейди ушбу МТП техника муҳандиси Обод Хўжаев. – Ҳозирга қадар экиш мавсумида фойдаланиладиган барча тиркамалар таъмирланиб, тахт ҳолга келтирилди.

Тўрткўл туманида жорий йилда 14 минг 850 гектар майдонда деҳқончилик қилиш режалаштирилган бўлиб, баҳорги экиш мавсумида 3 мингга яқин техникадан фойдаланилади. Айни пайтда 3 минг гектар ердаги ғалланинг ҳар гектарига 5 минг тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш ишлари қизғин давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси  иқлим шароитида ернинг шўрини ювиш муҳим аҳамият касб этади. Шу кунга қадар туманда 4 минг гектар ер майдонининг шўри ювилди.

Семинарда мутахассислар томонидан баҳорги экиш мавсумида фойдаланиладиган техника ва механизмларни таъмирлаш, деҳқончиликдаги муҳим агротехник қоидаларга риоя этиш борасида тавсиялар берилди.

    Бошқа янгиликлар