Жиззах вилояти прокурорлари секторларида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.08.2017 йилдаги ПҚ–3182-сон қарори ва 02.04.2019 йилдаги ПФ–5700-сон Фармонида белгиланган “маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” ҳамда “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принциплари асосидаҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жиззах вилояти туман ва шаҳарпрокурорлари секторлари 70 та фуқаролар йиғини ҳудудидаги 54 764 та хонадонда яшовчи 335 354 нафар фуқаронинг турмуш тарзини, оилавий аҳволини, уларнинг ижтимоий муҳофазаси, уй-жой ва коммунал шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар самарали ташкил этилмоқда.
Бунинг учун прокурорлар секторлари ҳудудида 80 та кичик гуруҳ ташкил этилиб, уларга 347 нафар ходим (мутахассис) жалб этилган.
2019 йилнинг ўтган даврида ушбу кичик гуруҳлар томонидан аҳоли хонадонларига уйма-уй юриш давомида аниқланган 31 288 та муаммо бартараф этилган.
Хусусан, Зомин тумани “Пшағор” МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногирони Х.Тошматовнинг уйи янгитдан замонавий усулда қуриб берилиб, унга 2 та иситиш печи ва 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ижтимоий ёрдам сифатида берилган.
Пахтакор туман “Ғалаба” МФЙда яшовчи боқувчисини йўқотган 2-гуруҳ ногирони фуқаро Ф.Ахмеровага уч сотих ер майдони ажратилиб, барча қулайликларга эга икки хонали уй қуриб берилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Арнасой тумани прокурор секторида “Ҳар бир оила тадбиркор дастури” доираси кам таъминланган оилаларга тикув машинаси ва микропечлар тарқатилган ҳамда Ғаллаорол туманида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлар асосида 27 нафар фуқарога юк ташишга мўлжалланган мототранспорт воситалари берилган.
Шу билан бир қаторда, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган 5 499 та муаммо бартараф этилган.
Масалан,Жиззах шаҳар “Сайхон” маҳалласидаги 5-сонли оилавий поликлиника филиали таъмирдан чиқарилиб, ушбу поликлиника биносида жойлашган “Ижтимоий дорихона” фойдаланишга топширилди.
Янгиобод тумани “Хўжамушкент” маҳалласида аҳолини қийнаб келаётган умумий муаммолар ечими юзасидан ҳудуддаги 380 метр сой йўли таъмирланди ҳамда маҳалланинг 200 метрдан ортиқ ички йўлларига шағаллар ётқизилди.
Зомин тумани “Ёшлик” маҳалласидаги эскирган ва таъмирталаб симёғочлар ўрнига 7 та бетон устун ҳамда 1 та трансформатор ўрнатилиб, узунлиги 350 метр бўлган электр симлар тортилди ва шу орқали аҳолининг электр таъминотига бўлган эҳтиёжлари қондирилди.
Вилоятдаги прокурорлар секторларида Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Пахтакор туман прокурори сектори ҳудудидаги “Олмазор” ҚФЙда яшовчи фуқаро Д.Эргашев томонидан қиймати 1 млрд 800 млн сўм кредит маблағлари асосида 0,25 га ер майдонида “Пахтакор барака чеварлари” МЧЖ ташкил этилиб, ушбу ҳудуддаги ишсиз 110 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Шу билан бир қаторда, вилоятдаги прокурорлар секторларида ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этишга қаратилган “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, уларнинг ижро юзасидан секторлар раҳбарларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилган.
Бундай ижобий ишларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда ҳудудларни секторлар кесимида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги тизими ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Ҳудудларда прокурорлар секторлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш халқ прокуратурасини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири эканлигини тўлиқ англаб етди.
М.Исламов, Бош прокуратура
бошқарма катта прокурори