Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган.
Замонавий ўзбек миллий адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Эркин Воҳидов Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тугатган. У мамлакатимиздаги марказий нашрларда, ижодий жамоаларда фаолият олиб борган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро алоқалар ва муносабатлар қўмитаси раҳбари, Ўзбекистон Сенати аъзоси сифатида фаолият юритган.
Эркин Воҳидов ижодида ғазал, қасида, мухаммас каби жанрларга қўл уриб, мумтоз адабиёт тажрибаларини янада бойитиш, янада мукаммаллаштиришга интилди. Унинг жуда кўплаб ижодий ишлари, китоблари, хусусан, тўрт жилдлик “Сайланма асарлар” и, “Орзули дунё”, “Табассум”, “Янги шеърлар” шеърий тўпламлари адабиёт мухлислари учун бебаҳо туҳфадир.
Халқимизнинг севимли ижодкори Эркин Воҳидов 2016 йил оламдан ўтди. Унинг адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган асарлари, шунингдек, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш йўлидаги фаол хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида адиб ижодий меросини ўрганиш ва уни ёшларга етказиш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ташкил этилиб, Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди ва мемориал музейи бунёд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди.
манба: ЎзА