Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги бошланди

ЖАМИЯТ 05.02.2015, 13:49
Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги бошланди

Ўзбекистонда 1 февралдан 1 мартгача гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги ўтказилмоқда, деб хабар беради Uzreport ахборот агентлиги.

Ойлик давомида бутун республика бўйича гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Ўтказилаётган ойликка бағишланган тадбирлардан бири Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтди. Бу тадбирда таълим муассасаси талабаларига гиёҳвандликнинг зарари ва у олиб келувчи аянчли оқибатлар ҳақида фильм намойиш этилди.

Тадбирда гиёҳвандлик бу дунё миқёсидаги жиддий муаммо экани, ушбу иллатга қарши қатъий кураш олиб борилиши кераклиги ва айни ишда жуда катта жавобгарлик нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш муассасалари ходимлари, балки ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик зиммасига ҳам юклатилиши таъкидланди.

“Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларимизни гиёҳванд ва турли психотроп моддалар истеъмол қилиш қандай хавфларга олиб келишидан хабардор этиш ҳисобланади”, дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази етакчи мутахассиси Саодат Жуманова.

Тадбир давомида намойиш қилинган “Адашганлар қисмати” ҳужжатли фильми иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу фильмнинг қаҳрамонлари – наркотрафик тармоғига жалб қилинган оддий ёш йигит ва қизлар мисолида талабалар гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир иштирокчиларига замонавий жамиятнинг террорчилик, одам савдоси, гиёҳвандлик каби глобал муаммоларига бағишланган қатор нутқлар ўқиб эшиттирилди.

Маълумот учун, бу ойлик давомида гиёҳванд моддаларни тарқатувчи ва бу қабиҳ ишларга ёшларни жалб қилаётган кимсаларни аниқлаш бўйича махсус тадбирлар ўтказилади. Ўтган йили ўтказилган ойликда гиёҳвандлик билан боғлиқ бўлган 385 жиноят фош этилган, 53 кг гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1