Ярим тун. Қишлоққа сокинлик чўккан. Аммо уйларнинг бирида чироқ ўчмади бу кеча. У ёқдан, бу ёққа беҳаловат юраётган аёл инграган кўйи кўчага чиқди. Ҳали тонг ёришишига анча бор. Аксига олиб, турмуш ўртоғи вилоят марказига ишга кетганди. Бунинг устига, қўшни уйда ҳам чироқ кўринмасди. Аёл додлаб юбормаслик учун лабини қаттиқ тишлади. Катта кўчага чиқиб олса бўлди, у ёғига бирор йўловчи машина учраб қолса, ажабмас. Шу илинжда аранг қадам босаркан, аҳволи баттар оғирлашди. Ҳар доим бир зумда етиб оладиган бекат шу топда жуда олис туюлди. Бир амаллаб катта йўлга чиқди-ю, беҳол ўтириб қолди. Тўлғоқ азобида титраб нола қилаётган аёл ҳарчанд уринмасин, ўрнидан туролмасди.
– Ёрдам... Ёрдам беринглар!!!
Унинг ноласи тун сукунатини бузди. Профилактика катта инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси Собир Эшназаров ўша тунда «Жамоатчилик назорат маскани»да навбатчилик қилаётган эди.
– Тунги соат 3.30 лар чамаси аёл кишининг чинқириғи қулоғимга чалинди, – дейди у. – Ташқарига чиқиб, атрофни кузатдим. Шунда йўлнинг устида додлаб ётган аёлга кўзим тушди. Қарасам, аҳволи оғир. Дарҳол «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилдим. Аммо туман марказидан «Тез ёрдам» етиб келгунича 15–20 дақиқа вақт керак эди.
Аёл фарзандини дунёга келтираркан, ҳаёт ва ўлим орасида туради, дейишади. Икки йўл ўртасида турган жонсарак аёлга ёрдам кераклигини ҳис қилган йигит уни бир амаллаб катта кўчадан четроққа олди. Ўзининг устки кийимини ечиб, аёлнинг тагига тўшаркан, «Опа, бироз сабр қилинг, шифокорлар келяпти», дея таскин беришга уринди. Аммо тўлғоқ дардида инграётган аёлнинг аҳволи тобора оғирлашиб борарди. Собиржон ортиқ чидаб туролмади. Дарҳол уяли телефони орқали шифокорлар билан боғланиб, вазиятни тушунтирди. Уларнинг кўрсатмаси бўйича аёлга қўлидан келганча ёрдам бера бошлади. Ниҳоят чақалоқнинг ожизгина йиғиси эшитилди. Собир эгнидаги кўйлагини ечиб, гўдакни ўраб оларкан, олисдан «Тез ёрдам» машинасининг чироқлари кўринди...
– Тўлғоқ тутаётган аёлга ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатилмаганида, она ва боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мушкул бўларди, – дейди Хатирчи туман шифохонаси туғуруқхона бўлими навбатчи шифокори Р. Элиев. – Профилактика катта инспектори ёрдамчисининг фидойилиги туфайли она ҳам, чақалоқ ҳам айни пайтда соғ-саломат.
– Собир ҳаракатчан, меҳнаткаш йигит. У фаолиятини бошлаганига олти ой бўлди, – дейди туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Шуҳратжон Исматов. – Шу вақт ичида намунали хизматлари учун раҳбарият томонидан икки марта рағбатлантирилган. У ўзига юклатилган ҳар бир вазифага масъулият билан ёндашади. Ўша тунда Собир «Тез ёрдам»ни чақирдим, бўлди-да» қабилида иш тутганида, эҳтимол, вазият бошқача тус олиши ҳам мумкин эди.
Ёшлик – орзулар фасли. Бугун катта мақсадларни кўзлаб яшаётган, эндигина 23 ёшни қаршилаган қаҳрамонимиз ҳамиша профилактика инспекторининг ёнида. Ҳар бир ишда ҳамкор, ҳамқадам, десак муболаға бўлмайди.
– Тўрт фарзандим бор: уч ўғил, бир қиз. Собиржон фарзандларимнинг кенжаси. Уни янги йилнинг ёзида уйлантиришни ният қилиб турибмиз, – дейди 35 йиллик иш тажрибасига эга педагог, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Эшназар Уралов.
– Бизнинг соҳада аксарият ҳолларда вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келади, – дейди Хатирчи тумани ИИБ ҲПГ профилактика катта инспектори, капитан Нурбек Очилов. – Собир эртаю кеч биз билан бирга. Айрим ҳолларда оилавий низолар ёки қўни-қўшнилар ўртасида бирор келишмовчилик чиқиб қолса, ёш бўлишига қарамай вазиятни юмшатиб, келишмовчиликни бартараф этишга ҳаракат қилади. Жамоат ишларида фаол. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли ҳудудимиз тинч, осойишта. Кейинги икки-уч йил ичида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган.
Эзгулик, яхшилик йўлида кунни тунга, тунни эса тонгга улаб хизмат қилаётган осойишталик посбонларининг меҳнати сермашаққат. Шу боис ҳамманинг ҳам кўнглида ҳавас бўлса-да, бу касб масъулиятини бўйнига олишга кўпчиликнинг журъати етмайди. Эътироф этиш жоизки, С. Эшназаров бу масъулиятни шараф деб билади. Тиниб-тинчимас, жонкуяр йигитнинг сидқидилдан амалга ошираётган хайрли ишлари шундан далолатдир. Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида биринчи фарзандини дунёга келтирган она – Феруза Файзиева билан ҳам суҳбатлашдик.
– Ярим тун эмасми, ёрдам сўраб бақирсам-да ҳеч ким эшитмасди. Бир маҳал олисдан югуриб келаётган одамга кўзим тушди. Бу менга ва боламга Худонинг марҳамати деб ўйладим...
Феруза чақалоғини меҳр билан бағрига босаркан, қалбидаги шукроналик, миннатдорлик туйғулари тилига кўчди:
– Яхши одамларнинг борига шукур. Илоҳим, улар ҳамиша соғ-омон бўлсин.
Ҳа, шундай! Яхши одамлар бор бўлсин! Кўзларида шижоат ва ўктамлик порлаб турган фидойи йигит Собир Эшназаров билан суҳбатлашганимизда: «Мен шунчаки ёрдам бердим, холос. Ўрнимда бошқа одам бўлганида ҳам шундай қилган бўларди», деди самимият билан.
Эҳтимол, шундайдир. Яна ким билсин... Нима бўлганида ҳам, у фидойилик кўрсатди, инсонийлик бурчини бажарди, ота-онасига раҳмат ёғдирди. Бу эса таҳсинга лойиқ.
манба: Postda






