Қорақалпоғистон Давлат университетини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бу ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш маркази маблағ ажратади, дея хабар қилмоқда kun.uz нашри.
Ҳозирда университетнинг бош ўқув биноси, талабалар уйларини реконструкция қилиш, аудиториялар, Санъат саройи ва талабалар ошхонасини капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
“Ўқув даргоҳида нафақат капитал таъмир ўтказилди, балки аудиторияларимиз техниканинг охирги сўзларига биноан жиҳозланмоқда. Физика-математика факультетининг хоналарида интерактив доскалар ўрнатилди. Университетнинг табиатшунослик ва география факультети ўқув лабораториялари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, эндиликда бу факультетда таълим оладиган талабаларимиз лаборатория ишларини замонавий ўлчаш ва таҳлил қилиш ускуналарида ўтказишлари мумкин”, дейди университет ректори Муратбой Жуманов.
Ўтган ойда университет ҳудудида икки қаватли бино қурилиши битказилган, бу ерда Оролбўйи биосалоҳиятини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси жойлашади.
Университетни реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари 2016 йилгача ўз ниҳоясига етади.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Давлат университети Марказий Осиёнинг энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Таълим даргоҳида иқтисодиётнинг қурилиш, енгил саноат, транспорт каби тез ривожланаётган соҳалари учун илмий-педагогик мутахассислар ва муҳандислар тайёрланади.





