Телеграм каналларининг бирида Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Шамоликам қишлоғида кўприк йўқлиги сабабли ўқувчи ва ўқувчилар дарёдан кечиб ўтаётганлиги ҳақида маълумот тарқатилди. Халқ таълими вазирлигидан мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўралганда, қуйидагича маълумот берди.
Халқ таълими вазирлиги ваколатларига жойларда кўприк ёки бошқа объектларни қуриш масалалари кирмайди. Жойларда инфратузилмаларни ривожлантириш учун маҳаллий ҳокимиятлар жавобгар. 2018 йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони қабул қилинган.
Фармоннинг учинчи бандида қуйидагилар ёзилган:
Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан:
тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шу жумладан ўқитувчилар ва ушбу соҳа ходимларининг мақомини яхшилашга ва оширишга ёрдам бериш;
халқ таълими муассасаларига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитиш;
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига бериш учун бўш ер участкалари (ҳар бир ҳудудда йилига 50 лотдан кам бўлмаган) рўйхатини тасдиқлаш ва улардан доимий фойдаланиш ҳуқуқини «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида реализация қилиш;
халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш;
халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш;
туманлар (шаҳарлар) комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш;
умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан ҳудудлар атрофини ўраш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари, ёнғинга қарши сигнализация тизимларини, кириш йўлларида қоидабузарликларни қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш чора-тадбирларини кўриш;
халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш;
умумтаълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш;
халқ таълими муассасаларидаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича бошқа чоралар кўрилишини ташкил этиш учун шахсан жавоб беради.






