АсосийShou-biznes

Ўмирбой Қосимбетов: Ўтган умримга ачинмайман

Сиз бу санъаткорни танийсиз. Уни жуда кўп қорақалпоқ спектаклларида ва фильмларида кўргансиз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Ўмирбай ака “Эътироф-2014” миллий тақдимот маросимида “Йилнинг энг яхши театр актёри” бўлганидан ҳам хабарингиз бўлса керак. Биз Қорақалпоғистонга сафаримиз асносида Ўмирбай оғани ҳам қидириб топдик ва суҳбатлашдик.

Ўмирбой ака, аввало сал кечроқ бўлса-да, Сизни “Эътироф-2014” миллий тақдимотида “Энг яхши театр актёри” номинациясида ғолиб бўлганингиз билан табриклаймиз.

— Раҳмат, очиғи бу мен учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Номзодим ушбу нуфузли танловга қўйилганининг ўзи мени жуда руҳлантириб юборганди. Тақдимот маросимида менинг фамилиям эълон қилинганида қулоқларимга ишонмадим. Мукофотни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубовнинг қўлидан қабул қилиб олмагунимча, бу шарафли унвонни қўлга киритганимга ишонмадим (кулади). Албатта, бу унвон биз сингари санъаткорларга жуда катта илҳом, куч-қувват бағишлайди. Бундан кейин ҳам бу ишонч ва раҳбатни ўз меҳнатимиз билан оқлашга ҳаракат қиламиз.

— Одатда кўпчилик санъаткорларнинг санъат йўлини танлашида айнан оиладаги муҳит сабабчи бўлади.

— Мен туғилиб ўсган оилада санъаткор бўлмаган. Аммо, оиламизда ҳамма санъатни яхши кўрарди. Тоғам Нуримбет бахши қорақалпоқ достонлари, лапарлари ва ўланларини кўп билардилар. Болалигимда улардан бахшичилик сирларини ўрганганман. Овулимизда тез-тез Нукусдаги Бердақ театри ижодий жамоаси келиб томоша кўрсатиб кетарди. Ўша пайтларда театрга, санъатга ҳавасим уйғонган бўлса керак. Мактаб саҳналарида ҳам турли томошаналарни кўрсатиб турардик. 1980 йили ҳозирги Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтига ўқишга кирдим. Бу ерда Асат Азимов, Гулшан Муҳаммадиева, Омон Абдураззоқов сингари устозлар қўлида таҳсил олганмиз. Шу пайтга қадар танлаган йўлимдан афсусланган эмасман. Шу касб туфайли элга танилдим. Обрў-иззат топдим. Юртимнинг нуфузли унвонларига эга бўлдим. Шу боис тақдиримдан ҳеч қачон нолиган эмасман.

— Илк бор катта саҳнага чиққан пайтингиз ёдингиздадир?

— Мактаб саҳнасидаги томошаларда, туман миқёсидаги тадбирларда кўп иштирок этганмиз. Ўқишни битираётган йилимизда “Майсаранинг иши” асарини диплом спектакли сифатида саҳналаштирганмиз. Мен ўшанда Мулладўст ролини ўйнаганман. Кейинчалик ҳам пойтахт театрларида бир қанча ролларни ижро этдим. Тақдир тақозоси билан ҳарбий хизматни ўтаб, Нукусга қайтиб келдим. Ўшандан бери Бердақ номли Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида фаолият кўрсатиб келяпман. Шу пайтга қадар театр саҳнасида 30 га яқин катта-кичик ролларни ижро этдим.

— Фарзандларингиз ҳам изингиздан бораётгандир?

— Беш фарзандим, тўрт набирам бор. Қизларим санъат йўлидан кетишмади. Катта қизим Розагул банк тизимида ишлайди. Сарвиноз ўқитувчи, Бибиноз ҳамшира, кенжа қизим Ҳурлиман тиббиёт коллежида ўқийди. Фақат ўғлим Ажиниёз менинг изимдан бориб, режиссёрликни танлади.

— Сизни жуда кўп ўзбек томошабинлари “Қорақалпоқфильм” студиясида суратга олинган “Танка” фильми орқали яхши танишади. Кинога  тез-тез чақириб туришса керак.

— Албатта. “Танка” ўзбек тилида ҳам дубляж қилинган. Телеканалларимизда тез-тез намойиш қилинади. Тошкентда ҳам кўча-куйда томошабинлар “сиз фалон фильмда фалон ролни ўйнагансиз” дейишса, хурсанд бўлиб кетаман. Шу пайтга қадар саккизта фильмда суратга тушдик. “Танка”, “Курорт”, “Ибройим бўлис”, “Баҳорнинг уч фасли” сингари фильмларда, шунингдек ўзбек киноусталари томонидан яратилган “Ўғлон” номли бадиий фильмда ҳам бош роллардан бирини ижро этганман.

-Санъатдан узилиб қолган пайтларингиз ҳам бўлганми?

— Ўйлаб қарасам, умримнинг катта қисми санъатнинг ичида ўтди. Ҳатто ҳарбий хизматда ҳам, турли томошаларни саҳналаштириб юрардим. Бир муддат Ўзбекистон Давлат маданият ва санъат институтининг Нукус филиалига раҳбарлик қилдим. Гарчи саҳнадан бироз узоқлашсам-да, барибир санъатнинг ичида бўлиб, ўз тажрибаларимизни ёшларга ўргатиб келдик. Фақат, 2008 йилда умуртқа чурраси билан оғриб,  тўққиз ой уйдан чиқолмадим. Ўшанда касаллик билан олишиб ётарканман, “шу билан саҳнага қайтолмасам керак” деб ўйлагандим. Хайрият, ҳали санъатдан ризқ-насибам узилмаган экан.

-Қайси ролни ижро этишни бир умр орзу қилгансиз?

— “Парвона” спектаклида устозимиз Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов қойилмақом қилиб ижро этган Ўткурий ролига ҳамиша ҳавас қилиб келганман. Агар имконият туғилганда мен ҳам шу ролни жон деб ижро этган бўлардим.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. 

    Бошқа янгиликлар