АсосийShou-biznes

“Ажойиб хаёлпараст” 38 йилдан сўнг

Одил Ёқубовнинг “Бахт қуши” ҳикояси асосида суратга олинган

Жанр: Драма

Сценарий муаллифлари: Д.Булгаков, Р.Ботиров

Постановкачи режиссёр: Равил Ботиров

Режиссёр: Ю.Собитов

Бош ролларда: Бахтиёр Ихтиёров (Ҳасан), Аида Юнусова (Тамилла), Мурод Ражабов (Ваҳоб), Нигора Эрназарова (Санобар), Бекзод Ҳамроев (Карим)...

Эпизодларда: Сойиб Хўжаев, Жалол Ҳошимов, Ҳусан Мусабоев, Қудрат Хўжаев, Икрома Болтаева, К.Аъзамова,  Лола Бадалова ва бошқалар

“Ажойиб хаёлпараст” фильми деганда кўз олдимизга серташвиш, содда, ўжар, романтик қишлоқ ҳакими  Ҳасан гавдаланади. Бахтиёр Ихтиёровнинг қаҳрамони рафиқасини шу қадар севадики, бутун дунё бойлигини унинг оёқлари остига ташлашга ҳам тайёр. Ҳасаннинг соддалиги, беғуборлиги, рафиқасига бўлган самимий ва чин муҳаббати, ва бойиб кетиш йўлидаги соддадилларча уриниши Бахтиёр Ихтиёров талқинида ўта табиий ишонарли очиб берилган. Ушбу картина суратга олинганига салкам қирқ йил бўлсада, ҳамон мухлислар севиб томоша қилишади, фильмдаги воқеаларни табассум билан эслашади...

“Чайка” автомобили ва қора мушук ҳақида

Бахтиёр Ихтиёров, Ўзбекистон халқ артисти:

— Фильмдаги Ҳасан образи ўзимга жуда ёққан. У чумолига ҳам озор бермайдиган, оқкўнгил инсон. Нима қилсин, бечора... Уни муҳаббат шунақа телба кўйга солган-да.  Ён-атрофга қараб, ўртоқлари хотинига истаган нарсасини олиб бераётганини кўради ва нега мен олиб бера олмайман, деб ўйлайди. Мен ҳали уларга кўрсатиб қўяман, деб аҳд қилган оддий, содда йигит у.  Асли касби шифокор, агар шу соҳада ишласа, ишлари юришиб кетиши мумкин лекин у пуч ва хом хаёлларга берилиб юраверади.  Бу фильмдаги бирорта кадр менда қийинчилик туғидирмаган. Фақат қора мушукни қувиб юрадиган ҳолатимни айтмаса (кулади).  Сабаби, биринчидан ҳайвонларни яхши кўришим боис, улар билан осон тил топишганман.  Қолаверса, қаҳрамонимнинг характерини унинг дарди, ички кечинмаларини ўрганиб шу туйғулар  билан яшаб кўришга ҳаракат қилардим.

Киностудияга суратга олиш жараёнларида фойдаланиш  учун спорт автомобиллари берилган, шулар орасида “Чайка” ҳам бор эди. Бизни съёмкага олиб кетиш учун шу автомобилда келишар, машинани кўриб маҳалладаги одамларнинг оғзи очилиб қоларди. Фильмда мен болаларнинг томоғини текширадиган кадр бор. Ана ўша саҳнадаги болалар орасида ҳозирги кунда  ажойиб режиссёр бўлиб етишган Ҳилол Насимов ҳам бор эди. Фильмда мен сувга тушадиган сой борку, ўша сувда ҳозирги кунда балиқ боқишяпти. Бизни тез-тез балиқ билан сийлаб, меҳмон қилиб туришади.

Янгийўлда катта бир ресторан очилиб,  у ерда қуён гўштидан турли таомлар тайёрланар экан. Қуён етиштирадиган ферма хўжайини бир куни мендан “шу ерга сизнинг расмингизни осиб қўйсак майлими?” деб рухсат сўради. Бажонидил рози бўлдим. 

 “Ажойиб хаёлпарст”дан ташқари “Еттинчи жин”, “Ёр-ёр”, “Сўғдиёна 2”,  “Ким жинни?”, “Шум бола”  сингари кўплаб фильмларда суратга тушган бўлсам-да, шу фильмлар орасида ўзимга энг ёққани “Ажойиб хаёлпараст” бўлди.   

“Қуёнларингиз кўпайиб қолдими?”

Аида Юнусова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: 

“Ажойиб хаёлпараст” фильмига  Бахтиёр Ихтиёров билан мени киносиновсиз суратга олишган. Ўша пайтларда мен “Ўзбекфильм”да, актёрлар студиясида фаолият юритардим.  Фильмдаги образим менга қийинчилик туғдирмаган. Чунки унинг характери, ҳаёти ўзимга яқин бўлгани учунми, ролимни берилиб  ўйнаганман.  Фильмдаги  қаҳрамоним турмуш ўртоғи Хасанга ачинади, уни ҳаммадан ҳимоя қилади. Тамилла эрининг бойлик тўплайман деб одамларга майна бўлаётганидан куйинади. Тамиллага бойлик керак эмас, у эрини қандай бўлса шундайлигича, яхши одамлиги, кўнгли тозалиги учун севади.  Аслида ҳаётда бундай одам билан яшаш қийин бўларди менимча.

Қаҳрамоним бугунги кун аёлларига сабр-қаноатни, борига шукр қилиб яшаш кераклигини ўргатади.  Фильм суратга олинадиган пайтда мен ҳомиладор эдим. Мени қийналмасин, деб барча шароитларни яратишар, мени ўзим тушадиган кадрларгагина чақиришарди. Яна уйимга ўзлари кузатиб қўйишарди.  Съёмка тугагунича ҳомиладорлигим сезилиб қолган шунинг учун гоҳ гул билан  гоҳ қўлим билан қорнимни  бекитиб суратга тушганман (кулади). 

Кўча кўйда мени кўриб қолган мухлисларим “Қуёнлар кўпайишиб қолдими?”, деб сўраб қўйишади.  Ҳалигача бу фильмни яхши кўриб эслашади. Ҳасан ролига Бахтиёр Ихтиёровдан бошқа актёрни тасаввур қилолмайман. Чунки Ҳасан образи Бахтиёр Ихтировга қолипдек мос тушган. Бахтиёр ака нафақат ўзи фильмда яхши ўйнарди, балки партнёрларни ҳам фильмга тортиб оларди. Яъни, Бахтиёр ака билан  ролни ёмон ижро этиш мумкин эмасди.

“Ўт ўчириш машинасидан қор ёғдирганмиз”

Ҳусан Мусабоев, актёр:

“Ажойиб халпараст” фильми дебют ролим бўлиб, мени Бахтиёр Ихтиёров таклиф қилган. Ўша пайтларда бирорта актёрни киносиновсиз суратга олишмас, киносинов натижалари эса,  Москвада тасдиқланарди. Мен фильмда Бахтиёр аканинг дўсти — Ёқуб дудуқнинг ролини ўйнаганман. Фильм сентябрь ойларида суратга олингани учун ёмғир ёғмас, фильмдаги ёмғир ва қорни ўт ўчирувчи машина орқали ёғдиришарди.  Фильмда биз Ҳасаннинг уйига телевизор олиб келиб, антеннасини ўрнатиш учун томга чиққанмиз. Бахтиёр ака томга чиққанида, режиссёр “камера, мотор” буйруғини берганда, мен томда туриб, Бахтиёр акани белига боғланган арқонни тортиб туришим керак эди.  Бахтиёр ака бақувват одам бўлгани учун ўшанда қўлимдан арқон чиқиб кетишига сал қолган. Фильмда эпизодик ролларни Икрома Болтаева, Сойиб Хўжаев,  Жавлон Ҳамраев, Қудрат Хўжаевлар маромига етказиб ўйнаган ва айнан ўша эпизодик роллари халқ  орасида ҳали-ҳануз севимли...

“Қишлоқни қуён босиб кетганди”

Ҳилол Насимов, режиссёр: 

1977 йили биз яшаётган Оққўрғон маҳалласига “Ажойиб хаёлпараст” фильмини суратга олиш учун Равил Ботиров бошчилигидаги суратга олиш гуруҳи келди. Маҳаллада шов-шув...  Суратга олиш ишлари бошланганида уйимизга соч-соқоли ўсган, режиссёр ассистенти П. Табибуллаев келиб,  дадамдан кинога тушишга қобилиятли болаларни топишда ёрдам беришни сўради. Дадам “Албатта, ёрдам бераман, ўғлим ҳам кинода суратга тушса бўладими?” деб сўрадилар. Маҳалладаги съёмка жараёнлари тугаганидан сўнг айрим кадрларни суратга олиш учун Чирчиққа кетишган. Биз болалар ҳам борганмиз.  Декорациялар учун  бир деворли уйлар ясалган.  Ўшанда томошабин тасаввурида уй кўриниши ҳосил қилиш учун  “алдамчи” декорациялар қурилишини кўриб, ҳайрон қолганман.  Фильм учун ҳар куни камида ўттиз-қирқта  қуён тутиб келишар, кечга яқин ҳаммаси қочиб кетарди.  Ўшанда қишлоғимизни қуён босиб кетганди (кулади).  Тасвирга олиш жараёнида Мурод Ражабов сувга тушиб, чўмиладиган кадр бор эди. Мурод Ражабов сузишни билмагани учун унинг ўрнига дублёр — Ўткир Хўжаев сувга тушган. Ўшанда кино суратга олишнинг биз билмаган сир-асрорлари кўплигини тушунганман.  “Ажойиб хаёлпараст” фильми  қайсидир маънода менинг тақдиримда катта бурилиш ясади.

Режиссёр Равил Ботировни эслаб...

Равил БОТИРОВ: Режиссёр, сценарист:

Туғилган йили: 1931 йил 4 апрел

Ижод: драма, саргузашт, ҳарбий ватанпарвар фильмлар суратга олишган

Островский номидаги Тошкент Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаган.

Бахтиёр Ихтиёров: — Равил Исмаилович  Ботиров Бухоро театрида бош режиссёр бўлиб ишлаган. Бунақа истеъдодли,  тажрибали, илмли  режиссёрлар ҳаётда камдан кам учрайди. Бухоро театрида мени илк маротаба саҳнага чиқарган инсон ҳам Равил Ботиров бўлади.

Ҳилол Насимов: — Режиссёр Равил Ботиров жиддий, жуда камтарин ва маданиятли одам эди.  Тасвирга олиш гуруҳи аъзоларининг бари Равил акани қаттиқ ҳурмат қиларди. Уларга қараб ҳавасим келганлигидан, ўшанда мен ҳам келажакда режиссёр бўлишни ният қилгандим. 

“Ажойиб хаёлпараст” ҳақида ғаройиб фактлар

Фильм 1977 йилда экран юзини кўрган.

Бахтиёр Ихтиёров қувлаб юрадиган қора мушук ҳозирги Санкт-Петербург циркидан буюртма асосида келтирилган.

Ҳасан янги телевизор олиб келганда, кўрсатувлар анонсини диктор  Раъно Жўраева ўқийди.. 

Каримнинг турмуш ўртоғи Санобар ролини ўйнаган актриса Нигора Эрназарова айни пайтда Москвада истиқомат қилади. 

Фильмда уч кило ош еб тоби қочиб қолган Турсунбой роли ижрочиси Жамол Ҳошимов ҳамда мазкур киноасар режиссёри Равил Ботиров бугун орамизда йўқ.

Фильмда Санобар ролини ижро этган Нигора Эрназарова марҳум устоз санъаткор Лола Бадалованинг қизи.

       Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА тайёрлади

Фотомухбир Алихан Утарбеков 

    Бошқа янгиликлар