АсосийJamiyat

Чилонзорда чинорни кесган фуқаро 40 миллион сўм жаримага тортилди

'Чилонзорда чинорни кесган фуқаро 40 миллион сўм жаримага тортилди'ning rasmi

Республикада ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар, қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий қилинишига, профилактика тадбирларининг олиб борилишига қарамасдан ҳудудларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиш холатлари давом этмоқда, деб маълум қилди Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси.

Жорий йилнинг 7 январ куни Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри олдида кесилаётган дарахтлар юзасидан жойлаштирилган хабарга мувофиқ бошқарма инспекторлари баён этилган ҳудуд — Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси «Ц» мавзесига чиқиб, ҳолатни ўрганган.

Ўрганиш натижасида кўрсатиб ўтилган манзилда 1 дона чинор фуқаро Ф.Х.З. томонидан тегишли рухсатномасиз кесилганлиги аниқланди. Бу билан Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ги қонунининг (янги таҳрири) 37-моддаси қўпол равишда бузилган.

Ҳуқуқбузарликни содир этган фуқарога нисбатан Маъмурий жиноят тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан 1 миллион 115 минг сўм жарима солинган.

Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорига мувофиқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 38 миллион 891 минг сўмни ташкил этган. Етказилган зарарни ундириш учун инспекторлар томонидан ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.

Дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолатларга гувоҳ бўлган фуқаролар Қўмита ишонч телефонига — (+998) 70 236-26-66; (+998) 71 207-11-07 ёҳуд Давлат экология қўмитаси Ахборот хизматига — (+998) 71 207-07-70 (ички 5555#, 1034#, 1029#) қўнғироқ қилиб ҳолатни маълум қилишларини сўраймиз”, — дейилади хабарда.

Бошқа янгиликлар