Блогер Тошкент давлат юридик университети маъмурияти ташаббуси билан жамоатчилик вакилларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи ташкил қилишётганлиги ҳақида хабар бермоқда.
2020 йилнинг 13–31 январь кунлари ТДЮУда бўлиб ўтадиган якуний назорат ишлари талабалар томонидан тегишли фанлар доирасида белгиланган аудиторияларда, 2 кишидан кам бўлмаган кузатувчи назорати остида 2 соат давомида ёзма шаклда олиб борилади.
Мазкур жараёнда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагида бўлган ёки жараёнларни ёритмоқчи бўлганлардан қуйидаги ҳавола орқали олдиндан рўйхатдан ўтишлари илтимос қилинмоқда.
- Тез орада юртимиздаги барча ОТМларда 1-семестр бўйича якуний назоратлар бошланади. Таълим тизимидаги энг оғриқли муаммолардан бири ҳам айнан шу ерда, яъни ҳар йили ОТМларни билими паст минглаб талабалар турли йўллар билан бемалол тугатиб, диплом олиб кетишмоқда. Шу сабабли ОТМлардаги сессия жараёнларини тезроқ коррупция ва таниш-билишчиликдан тозалаб, шаффофликни ошириш керак. Бунда жамоатчилик назоратининг роли ҳам муҳим.
Таълим жараёнида шаффофликни таъминлашга яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган ОАВ вакиллари, блогерлар ҳамда фидойи инсонларга миннатдорлик билдирамиз, дейди блогер.






